"Вазият одамни ихтирочига айлантиради” деган эди бир вақтлар Жумавойнинг устози Робинзон. Топиб гапирган экан, шоввоз! Шунча вақтдан буён занг босган соатдек бир жойда қотиб қолган миям, севиб қолган кунимдан бехато ишлаб кетса денг! А-а, лаббай? Қандай қилиб дейсизми? Унда эшитинг...
Аканг қарағайнинг ишқи қўшни маҳаллалик Маликага тушди-ю, ҳаловатим йўқолди-қолди. Кўргиликни қаранг! Ўзи унча-мунча гапни қийворадиган, кўркамгина йигитману шу, чўнтак масаласи сал чатоқроқ-да. Чунки Малика бадавлат хонадоннинг қизи, камина эса ўзингиз сезгандек... Севишга севиб қўйибмизу, бу ёғини ўйламабмиз! Таваккалчининг ишини Тангри тўғрилар деб,кўнглимдагиларни унга айтишга аҳд қилдим. Қолгани бир гап бўлар...
Хуллас, ишни у ҳақдаги маълумотларни тўплашдан бошладим. Қаерда ўқийди, дарсга ким билан, қай пайт боради, ёқтиргани борми-йўқми ва шу каби бошқа саволларга жавоб топишга киришдим. Э-э, омадни қаранг, шу вақтгача бизнинг Маликамизнинг кўнгил эшиги ҳеч бир шаҳзода учун очилмаган экан! Яшшавор!
Буларни билишга билдиму, қолганини қандай давом эттиришга келганда ақл қурғур сустлик қилса денг. Ҳар куни ундан олдин институтнинг (дарвоқе, у ҳисобчиликка ўқиркан) олдига бориб, келишини пойлайман. Кошки йўлини тўсиб бир оғиз сўз айтишга журъат бўлса. Шундай кунларнинг бир нечтаси ортда қолди. Бунақа юриш билан иш битмайди, мулла ошиқ дейдиган одам йўқ. Охири бўлмади. Бир куни институт олдида уни атайлаб туртиб юбордим. Қўлидаги китоб- дафтарлари ерга сочилиб кетди. Энди энгашиб, олишга ёрдамлашмоқчийдим, қаёқдандир пайдо бўлган дугонаси чаққонлик қилиб мендан олдин уларни йиғиб олди. — Нима, қизларга тегачоғлик қилишни бошқа йўлини тополмадизми? – боплади дугонаси. — Узр, мен ҳаёл билан... — Бўпти, йўлингиздан қолманг. Юр Мали, ўзингга ҳеч нарса қилмадими? Дугонаси шундай деб Маликани қўлидан ушлаб мендан узоқлашди. Малика менга ҳатто ким экан деб қизиқиб ҳам қарамади. Лапашанг! Шунақаям алмисоқдан қолган усул қўллайсанми. Бундоқ мияни ишлатсанг бўлмайдими? Биринчи макр Ўйлай-ўйлай қандай йўл билан бўлмасин унга телфон рақамимни етказишим керак деган тўхтамга келдим. Бу масалада дўстим Рашид билан "машварат” қилишга тўғри келди. Ҳар қалай у қизлар борасида биздан кўпроқ кўйлак йиртган. — Оббо сен-ей, севиб қолдим де? – бор гапни эшитгандан кейин мазхаромуз илжайди Рашид. — Устимдан куляпсанми? — Йўғ-е ошна. Хўш, энди нима қилиш керак? — Гаплашиш керак. — Бориб гаплаш унда, — бу сафар очиқчасига хо- холаб кулди у. — Қўлимдан келганда ёнинга келармидим. — Гап бундоқ, ошиқ! Эртага олдимга келасан. Унгача мен сенга ташриф қоғози — "визитка” тайёрлатиб қўяман. У ёғини ўзинг амаллайсан. — Қандай қилиб? – таажжубланиб сўрадим. — Э, овсармисан! Йўлини тўсибми, сумкасига солибми, ташриф қоғозингни берасан. Кейин у сенга телефон қилади. — Қилмаса-чи? — Олдин бер, қолгани ўз-ўзидан бўлаверади. Рашиднинг олдидан аллақандай умид билан қайтдим. Эртасига "визитка”ни олиб тўғри Малика ўқийдиган институтга бордим. Қандай қилиб бераман деган ўй билан вақт тез ўтиб, дарров тушлик ҳам бўпти. Бу орада ошқозан ҳам ўз нағмасини бошласа денг. Аввал таом, сўнгра калом деган машойихларнинг гапига амал қилиб, аста институт ошхонасига йўрғаладим. Ичкари кириб не кўз билан кўрайки бизнинг Малика анави кунги "ширинсўз” дугонаси билан овқатланиб ўтирибди. Буни кўриб қорин очлиги эсдан чиқиб, миямда қандайдир харакатлар бошланди. Тезгина ошхона ҳисобчисининг ёнида пайдо бўлдим. — Кечирасиз, ҳув анави қизлар ҳали ҳисоб-китоб қилишмадими? – сўрадим ундан. — Йўқ ҳали. Тинчликми? — таажжубланди ҳисобчи қиз. — Жуда соз! Унда ҳисобланг. Уларнинг ўрнига мен тўлайман. Ортиғи билан. Ва эвазига сиздан бир нарса илтимос қиламан. Қиз баттар ҳайронлиги ошиб менга тўланиши керак бўлган қийматни кўрсатди. Мен у ҳисоблаган пулдан кўпроғини олдига қўйдим ва ёнимдан "визитка”мни чиқариб унга тутқаздим: — Илтимос, уни ўша қизлардан биттасига бериб қўйинг. Мен шундай деб унга Маликани кўрсатдим. У гап нима ҳақида эканлигини илғади чоғи, жилмайганча қўлимдагини олиб қолди. Уйга гўё учиб бордим. Кутишни бошладим. Кўз олдимдан сохта ташриф қоғозидаги ёзувлар бирин- кетин ўтади: "Рўзиев Жамшид. "Мармар” фирмасининг бош директори. Телефон рақамлари ва электрон манзил”. Суюлиб кетдим. Раҳбар бўлиш кимга ёқмайди дейсиз. Менимча, албатта, қўнғироқ қилади. Ҳарқалай "раҳбарман”. Кутганингда вақт ҳам эшак аравага ўхшаб имиллаб ўтаркан. Кўзим соатда, қўлимда телефон, қани энди жирингласа! Ё "визитка”ни бериш ҳисобчи қизнинг эсидан чиқдимикан? Йўғ-е, бергандир, яхши қизга ўхшади. Лоақал биронта танишим ҳам телефон қилмади. Биргина қўнғироқни кутиб тунни тонг қилдим. Сас-садо йўқ! Иккинчи макр Иш бермаган биринчи режа мени яна институт олдида кун санашга мажбур қилди. Раҳбармиш! Ким ишонади. Аҳволинга бир қара. Бошлиқ деган одамда сал бундоқ салобат бўлади. Ўзим ўзимдан уялиб кетдим. Қай кунларга қолдинг-а, мулла Жамшид! Нима бўлса бўлди, бугун шартта йўлини тўсиб кўнглимдагиларни тўкиб-соламан. Ё униси, ё буниси! Шуларни ўйлаб йўлакдан кетаётиб гул кўтарган икки севишганни кўрдиму бу дунёда романтика деган нарса борлигини эсладим. Балки фойда бериб қолар. Ғизиллаб бориб гулдаста кўтариб келдим. Ичига ўша таниш "визитка”дан битта жойладим. Бу ҳам бир яхши ният-да. Ҳаммаси яхши, энг қизиғи, буларнинг бари бир зумда содир бўлди. Энди уни Маликага етказиш қолди, холос. Буни тезроқ амалга ошириш керак. Ҳарқалай гулдаста билан юриш сал ҳалигинақароқ... Шартта институт қоровулининг олдига бордим. Муддаомни айтдим ва бир шиша винога деб чўнтагига бир қўл солиб қўйдим. Тушунди. Гулдастани олиб қоларкан, бош бармоғини кўрсатиб кўз қисди. Бу сафар қўнғироқ қилишига астойдил ишондим. Шу боис ҳам аллақандай ҳотиржам эдим. Ва чучварани хом санабсиз, ўртоқ "бош директор” деган ҳулосага келганимда аллақачон тонг ёришган, Малика эса ҳатто тушимда ҳам менга телефон қилмаган эди. Ҳаммаси тугади деган бир пайтда... телефон жиринглаб қолди! Яна бегона рақам! Кўтаришга шошилмадим. Аста жавоб тугмасини босиб, жиддий оҳангда салом бердим. — Алло, Жамшид. Мен Рашидман. Ҳафсалам пир бўлди. Йиғлагудек бўлиб телефонни қўймоқчи эдим, Рашид яна гап бошлади: — Суюнчи бер ошна, машина олдим! «Нексия»! — Э-э, ўзи машинам чиқиб турибди. — Шартта телефонни ўчирдим. «Нима?! Машина олдим?» Қайтадан ҳозирги рақамни тердим. — Алло, Рашид! Ишлар чатоқ. Ҳалиям Малика билан гаплашолмадим. Эртага машинангни бериб турмасанг бўлмайди. Бу охирги режа. Рашид дод деди, вой деди охири кўнди. Ана сизга калланинг ишлаши! Учинчи макр Эртасига Рашиддан машинасини олиб Маликаларнинг уйи олдига бориб турдим. Чунки у ҳар куни ўқишга таксида борарди-да. Кўп кутмадим. Малика уйидан чиқиши билан унинг олдига бориб тўхтадим. Уни "машинам”да олиб борарканман, секин гапга солдим: — Ўқишлар яхшими? — Ёмон эмас. — Домлалар қийнаб қўймаяптими ишқилиб. — Ҳозирча йўқ, — деди энсаси қотиб. — Мабодо бирортаси қийнаса менга айтаверасиз. Ректорларинг менинг фирмам билан бирга иш қилади. Деканларинг билан чойхонамиз бор. — Тушунмадим, сиз домлаларимни қаердан танийсиз? Оддий таксичи бўлсангиз? – ҳайратланиб сўради Малика. — Одамни ҳафа қиляпсиз. Мен таксичи эмасман. Иккита катта фирмам бор, шаҳар марказида дўконларим бор, яқинда битта хусусий шифохона очмоқчиман. Сиз бўлсангиз таксичи дейсиз, — ёлғон гапирганимдан юзим лов қизариб кетди. Буни Малика ўзича тушунди, яъни хижолат қилдим деб ўйлади. — Узр, мен нотўғри тушунибман. — Бир қизни деб таксичилик қилиб юрибман, Маликахон. Ўша қизга ошиқу-беқарор бўлиб қолганман. — Сиз мени қаердан танийсиз? – исми билан мурожаат қилганим учун қиз баттар таажубланди. — Ўша қиз сизсиз-да. — Нима? — Ҳа. Икки ойдан бери ортингиздан сарсонман, — шундай деб унга сохта ташриф қоғозимдан узатдим. Малика "визитка”ни олдию ранги ўзгарди. Демак, аввалгиларини ҳам олган. — Сиз... У гапини охиригача тугата олмади. Биринчиси, "сюрприз”дан бўлса, иккинчиси, гап билан чалғиб светафорнинг қизил чироғидан ўтиб кетганимиз бўлди... Дарров масъул шахслар томонидан тўхтатилдик. Урди худо! Ахир машина ўзимникимас. — Йўл нозири Чориев! — честь берди нозир. — Ҳужжатларингизни кўрсатсангиз. Машина ғаладонидан ҳужжатларни чиқардим. Ишқилиб расмни танимасин. Бўлмаса Маликанинг олдида шарманда бўламан. — Машинадан тушинг. Таниди баччағар! — Машинани қачон ва қаердан ўғирлагансиз? Ҳеч нарсадан ҳабари йўқ Маликанинг ранги оқариб кетди. — Мен ўғримасман, — тушунтиришга ҳаракат қилдим нозирга. Қани тушунса. Бу орада Рашид ҳам етиб келди. Ва менинг ўғримаслигимни нозирга амаллаб тушунтирди. Лекин бу ҳотамтойлиги унга қимматга тушди. Ҳайдовчилик гувоҳнамаси йўқ одамга машинани ишониб топширгани учун машинаси билан жарима майдонига олиб кетди. Ҳамма сир фош бўлган, йўл четида Малика ва мен жимгина турардик. — Энди менга жавоб берарсиз, ўртоқ бош директор? – чимирилди Малика. — Йўқ, олдин сиз менга жавоб беринг. Менга турмушга чиқишга розимисиз? — менда бундай куч қаердан пайдо бўлди, билмайман. — Аввал иккита фирмага директор бўлинг, шаҳар марказидан дўкон очинг, кейин ўйлаб кўраман, — нимагадир кулиб юборди у. Бундан менинг ҳам юзимга қон югурди. — Хусусий шифохана эсингиздан чиқди. — Йўл нозирларига ҳам раҳбар бўларсиз балки? — Сиз бўл десангиз бўлаверамиз-да. — Унда хайр! Малика шундай деб мендан узоқлашди. Мен эса унинг ортидан нима қиларимни билмай серрайганча туриб қолдим. — Ҳой, мени ўқишгача кузатиб қўймайсизми? Ё яна бирорта сохта раҳбар машинасида илиб кетгунча қараб тураверсизми? Нима?! Шу гапларни Малика гапирдими?.. Ана шунақа гаплар. Кейин нима бўлди дейсизми? Маликани олиб юрибман, ўзимнинг машинамда. Иккита фирмага раҳбарман, шаҳар марказида дўконларим бор. Яқинда хусусий шифохана очмоқчиман. Мана сизга "визитка”м. Ҳақиқий. Балки асқотиб қолар...
Расскажи друзьям: