MaRJoNa | Дата: Yakshanba, 10.02.2013, 23:24 | Сообщение # 1 |
Рядовой
Группа: Sayt Moderatori (SM)
Сообщений: 314
Статус: Saytda emas
| Муслималар учун
Ҳижоб ибодат, одат эмас
Кириш сўзи
Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммадга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! Қўлингиздаги бу мўжазгина китобча "ҳижоб" ҳамда "юзни тўсиб юриш" ҳақида бўлиб, муслима опа-сингилларимизга атаб ёзилгандир. Сир эмаски, бугунги кунда кўпгина Ислом диёрларида аёлларнинг ҳижоб масаласида сусткашликларга йўл қўйиб, ясан-тусан қилиб юришлари одат тусига айланиб қолди. Шубҳасиз, бу иш катта гуноҳлардан саналади ҳамда Аллоҳ таолонинг ғазаби ва аламли азобига сабабчи бўлади. Шунингдек бу китобча - ҳажми кичкина бўлишига қарамасдан - ҳижобнинг фарзлиги, фазилатлари ва шартлари билан боғлиқ бир қатор масалаларни ўзида жамлаган бўлиб, унда ҳижоб масаласида эътиборсизлик қилиб, ясан-тусан касалига муккасидан кетиш қандай оқибатларга олиб бориши ҳақида сўз боради. Ҳамда бундай мункар амаллардан огоҳлантирувчи бир неча оят ва ҳадислар ҳам зикр қилинади. Аллоҳ таолодан бу рисоламизни муслима опахонларимиз ва сингилларимизга манфаатли қилишини сўраб қоламиз. Зеро, Аллоҳ бунинг Эгаси ва бу нарсага Қодир бўлган Зотдир.
Ҳижоб ибодатдир, урф-одат эмас!
Эй муслима аёл, унутманг, дин душманлари доимо ҳижобни инсонларга бузиб кўрсатишга уриниб келган. Уларнинг даъволарича, ҳижоб аёлларнинг ижтимоий қолоқлигига сабаб бўлармиш! Яна улар «ҳижоб аёлларни оёқости қилади, ҳурматини поймол этади», деган аҳмоқона фикрларни тарқата бошлашди. Улар бу ишлари билан аёлларга ҳижоб ўраб юриш ўрнига очилиб-сочилиб, ясаниб, юзларини ҳаммага кўрсатиб юришлари кераклигини уқтирмоқчи бўлишади. Уларнинг бу каби ҳаракатлари ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти, албатта. Аслида улар – баъзи соддадил аёллар ўйлаётганларидек – бундай ташвиқотларини аёллар фойдасини кўзлаганларидан келиб чиқиб қилмайдилар. Аксинча, уларнинг мақсадлари аёл зотини бузиш, унинг ҳаёти ва иффатини оёқ йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Афсуски, улар кўзлаган мақсадларига кўзга кўринарли даражада эришмоқдалар. Шунинг учун – эй муслима синглим – бу каби шайтоний сўзларга алданиб қолишдан ҳазир бўлинг! Доимо ҳижоб фаризасини маҳкам ушлаб, ўз динингиз билан азиз бўлиб юринг. «Ҳолбуки, куч-қудрат – азизлик Аллоҳники, Унинг Пайғамбариники ва мўминларникидир». (Мунофиқун: 8) Бундай чақириқларга эътибор бермасдан, ҳижоб энг аввало Аллоҳга ибодат, Расулига итоат эканини, хоҳласа қилиб, хоҳламаганда ташлаб қўйса бўлаверадиган мубоҳ иш эмас, балки бу аёл кишининг иффати, ҳаёси ва поклигидан нишона эканини ҳамда ҳижоб кофирларнинг бу ҳақдаги аҳмоқона даъволаридан анча олий бўлган фазилат эканини қатъий равишда қалбингизга тугиб олинг! Эй муслима аёл, Аллоҳ таоло сизни бадан ва аъзоларингизни бегона эркаклардан тўсиб пок бўлишингиз учун ҳижоб ўрашга буюрган. Бу билан (яъни, ҳижоб ўраш билан) сиз бошқалар тарафидан сизнинг иззат-нафсингизга тегадиган гапларнинг айтилишини олдини олган бўласиз. Аллоҳ таоло сиз учун олийлик ва улуғворликни хоҳлаб сизни ҳижоб ўрашга буюргандир. Ҳижоб ўраш сиз учун машаққат эмас, шараф бўлиши керак. Чунки сиз бу ишингиз билан Оламлар Парвардигорига бўйсуняпсиз. Ҳижоб сиз учун мукаммал сифат ва чиройли зийнат бўлибгина қолмай, комил иймонли, ҳушхулқли, одобли, иффатли ҳамда ҳаёли эканингиздан далолат ҳамдир. Бу билан сиз ахлоқсиз ва бузуқ аёллардан ажралиб турасиз. Эй муслима аёл, ҳижобга эътиборсизлик қилишдан ва унга салбий муносабатда бўлишдан эҳтиёт бўлинг! Сизни ишонтириб айтаманки, қайси бир аёл Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор бўлган бўлса, бунинг ягона сабаби Аллоҳнинг ҳукмларини писанд қилмаслиги ва уни ёмон кўриши бўлган. Зеро, ҳижобга эътиборсизлик қилиш Аллоҳнинг буйруқларини писанд қилмасликдан бошқа нарса эмас. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг буйруғига «лаббай», деб жавоб бериб, ҳижоб ўраб, мана шу нарсада мустаҳкам турган аёл борки, Аллоҳ таолонинг розилигига, У Зот ҳузуридаги буюк ажр-мукофотларга эришмай қолмайди.
Шаръий ҳижоб қандай бўлади?
Шаръий ҳижоб ичи кўринмайдиган, қалин матодан тикилган бўлиши керак. Ҳижобнинг кўриниши зийнат бўлмаслиги шарт. Яъни, бичими тор, ранги эътиборни жалб қиладиган бўлмаслиги. Ҳушбўй атирлар сепилмаган ва машҳур (модадаги) кийим бўлмаслиги лозим. Мазкур сифатларга хилоф бўлган "ҲИЖОБ"лар ношаръийдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атир сепган ҳолда бегона эркаклар олдига чиқишни аёлларга ҳаром қилганлар. «Қайси бир аёл ҳушбўй атирларни сепиб, (эркаклар) унинг ҳидини туйишлари учун бирор қавмнинг олдидан ўтар экан, у аёл зинокордир». Бундан ташқари, ҳижоб эркакларнинг кийимларига ўхшамаслиги ва бутун баданларини – айниқса юзларини – тўлиқ тўсиб туриши лозим. Баъзи аёллар «Юз аврат эмас», деган даъво билан юзларини очиб юраверадилар. Натижада эркакларни ўзларига қаратадилар. Қандай қилиб юз аврат бўлмасин?! Ахир аёллардаги энг жозибали, кишиларни ўзига жалб қиладиган ва унинг гўзаллик нуқтаси бўлган аъзо юзлари эмасми?! Агар эркаклар аёлнинг юзига маҳлиё бўлишмаса, бошқа унинг қайси аъзоси билан фитналанишлари мумкин?! Қуръони Карим ва саҳиҳ суннатда аёл ҳамма жойларини тўсиб юришга буюрувчи ҳужжатлар ворид бўлган. Чунки аёлнинг бутун бадани аврат!! Бегона эркакларга бирор жойини кўрсатиши ҳалол эмас. Қуйида ҳижобнинг фарзлигига далолат қилувчи далилларни келтириб ўтамиз: «...ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмол билан тўссинлар!». (Нур: 31) Оиша розияллоҳу анҳо айтади: - Мана шу оят нозил бўлганда Ансорларнинг аёллари изорларининг бир четидан йиртиб олиб, ўша нарсани рўмол қилиб бошларига ташлаб олдилар». Юқоридаги оят ва ҳадисларга ортиқча изоҳ шарт бўлмаса керак. Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳонинг машҳур «Ифк» ҳодисаси (Мунофиқлар тарафидан Оиша онамиз шанларига уюштирилган тухмат воқеаси) ҳақидаги қиссалари зикр қилинган. Унда айтилишича Оиша розияллоҳу анҳо бир жойда ухлаб қоладилар. Уйқудан турсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) кетиб қолишган бўлади. Узоқдан Сафвон ибн Муаттал розияллоҳу анҳуни кўришлари билан юзларини тўсиб оладилар. Яна бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Жилбобим [1] билан юзимни тўсиб олдим». Шунинг учун ҳар бир муслима аёлга Аллоҳдан қўрқиши, ҳижобини комил суратда ўраши ва ҳижоб шаънини тўкадиган, ҳаёсига путур етказадиган ҳар қандай тўсиқ-сабаблардан воз кечиши вожибдир. Шундай қилса, баъзи бир фосиқ кимсаларнинг ҳаёсиз-бузуқ аёлларга қиладиган муомалаларидан ҳамда Аллоҳ таолонинг ғазаби ва жазосидан ўзини саломат сақлаган бўлади. Кафт ва билакларни очиб юриш, кўзлари ва юзнинг бир қисмини кўрсатиб турадиган, эр кишини мафтун қиладиган ниқоблар тақиш ёҳуд остидан юзи ғира шира кўриниб турадиган юпқа мато билан юзини ўраш каби ҳижоб масаласида сусткашлик қилиш мумкин эмас. Бу каби ҳолат хунук юзни ҳам жозибадор қилиб қўяди. Баъзи аёллар юқорида санаб ўтилган ножоиз амалларни қилиб юрган бўлсалар ҳам, ўзларини мукаммал ҳижоб ўровчи аёл деб ҳисоблайдилар. "Баданларидан баъзи жойларини очиб юришлари, фитнага сабаб бўлмайди, бундай юриш ман этилган ясаниб юришга кирмайди", деб биладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки тоифа кишилар борки улар жаҳаннам аҳлидандир. Мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси кийиниб олган, (лекин) яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари (даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Зеро, Жаннатнинг ҳиди фалонча масофадан келиб туради». Муслим ривояти Аҳли илмлар ҳадисдаги «кийиниб олган, (лекин) яланғоч» деган сўзни «улар кийим кийишади, лекин тор, юпқа ёки баданининг ҳамма жойини тўсмайдиган кийимлар бўлади», дея таърифлашган. Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳ шаръий ҳижоб ҳақида шундай дейди: «Энг рожиҳ-кучли гапга кўра шаръий ҳижоб – аёл эркаклар назарини жалб қиладиган барча аъзоларини, хусусан юзини тўсиш билан бўлади. Шунинг учун аёл кишига юзини номаҳрам эркаклардан тўсиши вожибдир. Аммо маҳрамларига юзини кўрсатиши мумкин». «Сочни тўсиб, юзни очиб юриш шаръий ҳижоб бўлади», дейдиган кимсага келсак, унга битта саволимиз бор: - Айтингчи, кишини кўпроқ аёлларнинг сочи ўзига тортадими ёки юзими? Совчи қўяётган киши аввал аёлларнинг сочи ҳақида сўрайдими ё юзи (чиройи) ҳақидами? Бу саволга фақат битта жавоб бор. У ҳам бўлса: «Албатта аёлларнинг юзи бошқа аъзоларига нисбатан жозибалироқ бўлади. Эркак киши ҳам албатта аввал аёл кишининг чиройи ҳақида сўрайди» деб жавоб беришдир. Бундан бошқача жавоб бериш қайсарлик ва бефойда тортишиш бўлади. Бунда шак-шубҳа йўқ. Чунки инсон табиатан – гарчи сочи унчалик чиройли бўлмаса ҳам – юзи гўзал бўлган аёлга кўпроқ мойиллик билдиради. Аксинча, агар унинг юзи унчалик чиройли бўлмаса – сочи ҳар қанча чиройли бўлмасин – барибир унга рағбат қилмайди. Шаръий ҳижоб ҳақида хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, аёл киши ҳижоб ўрасин, токи у сабабли фитна содир бўлмасин ва унга нисбатан ҳам фитна содир этилмасин. Албатта бу ерда фитнанинг бўлиш-бўлмаслиги юзнинг очиқ ёки ёпиқлигига кўпроқ боғлиқ. Шундай экан, аёлларга юзларини номаҳрам эркаклардан тўсиб юришлари вожиблигида шубҳа ва тортишишга ўрин йўқ.
Ясан тусан қилиш ва юзни очиб юриш фаҳш ва фасодга ундовчи асосий омилдир
Агар аёл киши бегона эркаклар олдида ясаниб, зийнатларини кўрсатиб юрадиган бўлса, унинг юзидан аёллик таровати кетади, ҳаёси йўқолади ва инсонлар наздида унинг заррача ҳам қадр-қиммати қолмайди. Бу қилмиши унинг жоҳиллигига, иймони заифлигига ва ҳимматининг паст эканига далолат қилади. Бундай аёл очилиб, ясан-тусан қилиб юриши билан Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ўраниб юриш ва ҳаёни яхши кўриш табиатидан ва мукаррам қилиб қўйган инсонийлик мартабасидан ҳам пастроқ даражага тушиб кетган бўлади. Умуман олганда, очилиб, кўчаларда ясаниб юриш - Ислом душманлари даъво қилаётганларидек - маданият ҳам, ҳуррият ҳам эмас. Бу нарса ижтимоий-руҳий қулаш ва бузилиш ҳамда фаҳш ва фасод ишларга бўлган чақириқнинг бир кўриниши, холос. Аёлларнинг очилиб-сочилиб юришлари соғлом одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам зид амалдир. Ҳатто соғлом фитрат-табиат ҳам бунга рози бўлмайди. Бундай тубан ишлар (яъни, очилиб-сочилиб юриш) фақатгина хулқ-атвори бузуқ, ҳаёсиз, жоҳил аёлларга хос бўлган «фазилат»дир. Чунки ақлли, иффатли ва ўзини ҳурмат қиладиган аёлнинг кўча-кўйда, бозорларда ва ҳар-хил жамоат жойларида ўзининг фитнали ва зийнат бўлган аврат жойларини уялмасдан бегона эркакларга кўз-кўз қилиб юриши тасаввурга ҳам сиғмайдиган ҳолатдир. Аксарият аёллар мана шундай тубан ҳолатда кўчага чиқиш билан кишиларнинг олқишига сазовор бўламан деб ўйлайдилар. Бу ҳам шубҳасиз нотўғри эътиқоддир. Бу турдаги аёлларга ҳам битта саволимиз бор: - Сиз «олқишларига сазовор бўламан» деб қандай кишиларни назарда тутяпсиз? Агар бенамоз, динсиз, фосиқ ва ифлос одамларни назарда тутаётган бўлсангиз, гапингиз қисман тўғри. Сиз уларнинг олқишига эришасиз. Лекин шу билан бирга «ана у жойини қара», «фалон жойи ундоқ эканми» каби иззат нафсингизга тегадиган гапларидан ҳам бенасиб қолмайсиз. Агар шунга рози бўлсангиз, марҳамат! Энди, агар тақволи мўмин кишиларнинг ҳурматига эришиш мақсадида бу ишларга қўл ураётган бўлсангиз, билингки, қаттиқ адашибсиз. Чунки Аллоҳдан қўрқадиган мусулмон эркаклар ясаниб-очилиб юрадиган аёлларга нисбатан мутлақо бошқача мавқеда турадилар. Яхши инсонлар ҳеч қачон бундай аёлларга нисбатан хайрихоҳлик билдирмаганлар. Аксинча, унга нафрат кўзи билан қараб, улардан жирканадилар. Бундай аёллар уларнинг назарида улуғворлик сифатлари ва хулқ-атворларини йўқотган бузуқ аёл рамзи ўлароқ гавдаланиб қолаверади. Қайси бир оқила, ўз қадрига етадиган аёл ўзи учун буларнинг ҳаммасига рози бўлади?! Бундай паст даражага тушиб қолишга уни нима мажбур қилаяпти?! Ахир мўмина аёл бошқалардан ақли ва ҳаёси билан ажралиб туриши керак-ку! Эй шайтон гапига кириб, ясан-тусан қулига айланган аёл! Аллоҳдан қўрқинг, гуноҳларингизни кечиришини сўраб Аллоҳга чин дилдан тавба қилинг. Ҳали фурсат бор, уни ғанимат билинг. Бундай қабиҳ ишлардан тўхтаб, ўзингиз учун фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлинг, эртага қайтиб борадиган жойингиз ҳақида тафаккур қилинг. Бир кун келиб зулматли, даҳшатли қабрда ёлғиз ўзингиз ётасиз. Ундан кейин эса Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида ҳисоб-китоб учун ёлғиз ўзингиз турасиз. «Уларнинг барчаси Қиёмат Кунида ёлғиз ҳолда У Зотнинг ҳузурига келгувчидир». (Марям: 95) Қиёматда бўладиган ҳолатларни; ҳисоб-китоб, амалларнинг тарозига қўйилиши, Аллоҳ таолога осий бўлган кимсаларга ҳозирлаб қўйилган жаҳаннам азобларини эсланг. Кўча-кўйда ясаниб, бегона эркаклар олдида юзингизни очиб, қоматингизни кўрсатиб юришдек қабих ишларга қўл уришдан олдин мана шу нарсалар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Мен сизни яна бир бор ишонтириб айтаманки, қаршингизда турган Қиёмат даҳшатларининг биронтасига тоқатингиз етмайди. Жаҳаннам азоби ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ўзингизга раҳмингиз келсин. Бундай ишларга энди қайта қўл ура кўрманг. Юизнгизда тавба эшиклари ёпилиб қолмасдан ва жасадингиз узра тупроқ тортилмасдан олдин Аллоҳга ҳақиқий тавба қилишга шошилинг! Зеро, Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибондир.
Баъзи эркакларга бир оғиз сўз
Кўпчилик муслима аёлларнинг ясан-тусан бобида ҳатто динсиз аёллар хавас қиладиган даражада илгарилаб кетишида эркакларнинг ҳам ҳиссалари кам эмас. Чунки, аёлларнинг бу даражада ўзгариб кетишларига ягона сабаб эркакларнинг ўз аёлларига нисбатан эътиборсизлиги, совуққонлиги, уларни бегона эркаклардан қизғаниш керак деган нарсани аллақачон унутиб, муқаддас динларини писанд қилмай, эркаклик ғурурларини йўқотиб қўйганлари ҳамда билиб туриб уларни бундай ҳаёсизликлардан қайтармаётганларидир. Афсуски, баъзи эркакларда фақат «эркак» деган ном қолган, холос. Ўз қадрларини билмайдиган, қўл остидагиларни муҳофаза қила олмайдиган ва Аллоҳнинг омонати бўлган аёлларни чиройли бошқара олмайдиган бундай эркакларнинг ҳолига вой бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бирор раъийят устига бош қилиб қўйган қайси бир бошлиқ ўз қўл остидагиларга нисбатан эътиборсиз бўлган ҳолда вафот этар экан, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур». Эй, эркаклар, сизлар ўз раъийятингизга етарлича эътибор бермадингиз, омонатни зое қилдингиз, хатарли ишга қўл урдингиз. Сизлар фақат ўзларингизни ҳалок қилмоқдасизлар. Лекин буни сира сезмаяпсизлар. Тўғрироғи тушунишни хоҳламаяпсизлар. Ахир ақлларингизни ишлатмайсизларми?! Шояд шунда Парвардигорингизга тавба қилиб, устингизда омонат бўлган аёлларингизни муҳофаза қилсангиз!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг аҳли-оилаларига, саҳобаларига ва уларга яхшилик билан эргашган барча кишиларга Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин! Сўзимиз охирида Бутун Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамдлар айтамиз! Ушбу мақола www.islamona.org веб саҳифасидан олиб таржима қилинди.
Ne govori nichego durnogo o kom libo, esli tochno ne znaesh etogo, a esli i znaesh, to sprosi sebya: pochemu ya eto govoryu?
|
|
| |