Америкалик олимлар НАСАни Ер яқинидаги орбитада фазовий чиқиндилар ҳаддан ташқари кўпайиб кетганидан огоҳлантирмоқда. Миллий тадқиқот кенгаши томонидан тайёрланган маърузада айтилишича, ташувчи ракеталарнинг қолдиқлари, эски сунъий йўлдошлар, фазовий аппаратларнинг кичик парчалари Ер атрофида айланиб, янги учириладига фазо кемаларига хавф туғдириши, шунингдек, айни пайтда орбитада ишлаб турган сунъий йўлдошларни ишдан чиқариши мумкин. Мутахассислар яна чиқиндилар пайдо бўлмаслиги учун янги халқаро қоидалар жорий этилиши зарурлигини таъкидлашмоқда.Бундан ташқари, улар Ер яқинидаги орбитани қандай тозалаш мумкинлиги ҳақидаги масалани ҳам кўндаланг қўйишмоқда. «Биз назоратни қўлдан бой бердик, – дейди тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари, астрофизик Дональд Кесслер. – Фазода чиқиндилар жуда кўпайиб кетди». Ҳозир фазода чиқинидилар шунчалик кўпки, улар кутилмаганда бир- бири билан ёки ишлаб турган аппаратлар билан тўқнашиб кетиши ва бунинг оқибатида янги чиқиндилар пайдо бўлиши, фазо кемаларининг ҳалокатга учраш хавфини ошириши мумкин. Халқаро фазо станцияси эса гоҳ- гоҳида Ер атрофида соатига 28 минг километр тезликда айланаётган чиқиндилардан ўзини «олиб қочишга» мажур бўлади. Тахминан 22 мингта чиқинди анчагина катта бўлгани учун уларни Ердан туриб кузатса бўлади. Лекин майдалари ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Охирги йилларда фазода содир бўлган икки воқеа вазиятни янада оғирлаштирди. 2007 йилда Хитойнинг сунъий йўлдошга қарши қуролини синаб кўриш чоғида эски метеорологик зонд йўқ қилинди, бунинг натижасида орбитада 1 сантиметрдан каттароқ 150 мингга яқин қолдиқлар пайдо бўлди. Орадан икки йил ўтиб эса ишдан чиққан сунъий йўлдош амалдаги фазовий аппаратга урилиб кетди. «Ана шу икки ҳодисадан кейин фазовий чиқиндилар икки карра ортиб кетди», – дейди Дональд Кесслер.