Янги мавсумга астойдил тайёргарлик кўришни мақсад қилган андижонликлар 18 январь соат 13:00да Андижон шаҳридаги сунъий қопламали майдонда «Навбаҳор» клубига қарши назорат учрашувида майдонга тушишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўтиз лозимки, баҳсга бўлган қизиқиш анча юқори бўлди. Учрашувни кўплаб маҳаллий ҳамда Намангандан ташриф буюрган ишқибозлар кузатиб боришди.
Анча қизиқарли кечган учрашув тақдирини, 25-дақиқада «Андижон» ҳужумчиси Рустам Аъзамов томонидан киритилган гол ҳал қилди. Аъзамов қанотдан ошириб берилган тўпни боши билан «Навбаҳор» дарвозасига жойлаб қўйди, 1:0! Мана шу ҳисоб учрашув якунига қадар сақланиб қолди.
Александр Аверьянов учрашувда қуйидаги футболчиларни синаб кўрди: «Андижон»: Александр Петухов, Азамат Исаев, Ильдар Маматказин, Даврон Турсунов, Икром Ибрагимов, Санжар Тўрақулов, Нодир Тешабоев, Иброҳим Отахонов, Баҳром Абдураҳимов, Рустам Аъзамов, Лочин Солиев.
18 январдан бошлаб клуб мураббийлар штаби, футболчиларга бир кунлик таътил эълон қилишди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, «Андижон» қишги ўқув-машғулот йиғинларининг учинчи босқичини Тошкентда ўтказади. Мазкур йиғин 21 январь куни бошланади. Шу куни футболчилар тиббий кўрикдан ўтишади.