АҚШдаги сайлов олди кампанияси шов-шувларига яна бири қўшилди: Барак Обама судга чақирилди. Пайшанба куни мамлакат президенти Атланта судида чиндан ҳам АҚШда туғилганини исботлаб бериши керак. Обаманинг сайлов олди штаби суднинг бу чақируви хато бўлганини ва бекор қилиниши кераклигини айтганди. 2008 йилги сайлов олдидан ҳам Барак Обаманинг туғилган жойи ҳақидаги масала кўтарилган. Яқинда ўтказилган сўровномада аниқланишича, кўпгина америкаликлар Барак Обама АҚШда туғилмаган ва шунинг учун ҳам президент бўлолмайди, деб ҳисоблар экан. Хусусан, президенликка сайланмоқчи бўлган миллиардер Дональд Трамп ҳам бу фикрни қизғин қўллаб-қувватлайди. Ўтган йилнинг баҳорида Оқ уй Барак Обаманинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини оммага намойиш этган эди. Унга кўра, АҚШнинг амалдаги президенти Гавайи штатида таваллуд топган. Лекин бу гувоҳноманинг ҳақиқийлигига ишонмайдиганлар талайгина, шекилли, Обама устидан судга мурожаат қилувчилар ҳалиям тинмаяпти.