Яқин тўрт йил ичида Япония пойтахтида кучли зилзила юз бериши хавфи 70 фоизни ташкил этади. Токио университети ҳузуридаги Сейсмология илмий-тадқиқот институти олимлари ана шундай хулосага келишди. Уларнинг фикрича, ўтган йилнинг мартида юз берган ер силкинишидан кейин пойтахт ҳудудида сейсмик фаоллик беш карра кучайган ва шунинг учун магнитудаси 7 га тенг зилзила бўлиши эҳтимоли бор. Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, март ойидан декабргача ҳар куни магнитудаси 3-6 га тенг ўртача 1,48 та зилзила қайд этилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 11 мартида Япониянинг шимоли-шарқида магнитудаси 9 га тенг ер силкиниши юз берган эди. Бунинг оқибатида айрим жойларда баландлиги 30-40 метрга етган цунами вужудга келган. Табиий офат туфайли ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони 19 мингдан ортди. 126 мингта иншоот қисман ёки буткул вайронага айланди, 260 мингтаси қисман зарарланди. «Фукусима-1» атом электрстанциясида юз берган авариядан сўнг атрофга радиация тарқалди, хавфли ҳудуддан 140 минг киши кўчирилди.