Ноябр ойида сайёрамизнинг турли бурчакларида
магнитудаси 4 дан ошган юзлаб зилзилалар қайд қилинди. IRIS WILBER
тизимида келтирилишича, уларнинг энг кучлиси (24 ноябр ҳолатига кўра)
Тайван шимолида юз бериб, унинг магнитудаси 6,9 га етган. Сўнгги пайтларда Ерда зилзилалар сони ошганини мутахассислар
ҳам тасдиқлашмоқда. Сайёрамиз ва мамлакатимиздаги сейсмологик вазиятга
баҳо беришни Ўзбекистон Сейсмология институти етакчи илмий ходими,
физика-математика фанлари доктори Роман Ибрагимовдан сўрадик.
СЕЙСМИК ФАОЛЛИК ДАВРИ КУЗАТИЛЯПТИ
Зилзилалар сайёрамизда азалдан кузатиб келинган. Улар Ернинг
эволюцияси оқибати бўлиб, натижада тоғлар ва чуқур ҳудудлар пайдо
бўлади. Сайёрамиз доимий ҳаракатда. Шундай ҳаракатлар белгиларидан бири
зилзилалардир. Улар дунёнинг турли чеккаларидаги сейсмик фаол
ҳудудларда, шу жумладан, бизнинг регионда ҳам рўй бериб туради.
Сейсмик фаоллашув ва сейсмик сустлик даврларига келадиган бўлсак,
глобал нуқтаи назардан узоқ вақтни олиб қараганда, улар цикл бўйича
такрорланиб туради – нисбатан қисқа сейсмик фаолликдан сўнг сейсмик
сукунат рўй беради ва бу жараёнлар такрорланади. Бугунги кунда
сайёрамизда сейсмик фаоллик даври кузатиляпти. У тахминан шу
мингйилликда бошланди. Индонезия, Хитой, Туркия, Гаити ва Японияда жуда
кучли зилзилалар рўй берди.
Индонезияда кузатилган зилзила сайёрамизда рўй бериши мумкин бўлган
энг кучлисига жуда яқин бўлди. Яъни у сейсмик кузатувлар давомида қайд
қилинган энг кучли зилзилалардан бири. Табиий офатнинг магнитудаси 9 га
яқинлашди, ер сатҳи қимирлаши 11 балдан ошди.
Шу ерда бир нарсага ойдинлик киритиш керак. Бу соҳада мутахассис
бўлмаганлар зилзила кучини баҳолаш усулларини адаштиришади. Бизда ер
қимирлаганда иморат-биноларнинг бузилиши даражасини таърифлаш учун
асосан MSK-64 шкаласидан фойдаланилади. Рихтер бўйича магнитуда –
сейсмологлар ўзаро ишлатадиган таъриф. У зилзила ўчоғида вужудга келган
энергия даражасини кўрсатади. MSK-64 ёки Меркалли шкалаларидан айрим
хорижий мамлакатларда ҳам фойдаланилади ва у ер юзасининг қимирлаш
интенсивлигини англатади. MSK-64 каби Меркалли тавсиф берувчи шкала
бўлиб, у Рихтерникидан фарқланади. ОЛДИНДАН БАШОРАТ ҚИЛИШ МУМКИН
Зилзилалар даврийлиги кўплаб сабабларга боғлиқ. Умуман олганда,
аксарият геофизик ҳодисалардаги каби даврийлик зилзилаларда ҳам
кузатилади. Масалан, қуёш фаоллиги цикли тахминан 11 йилни ташкил
этади. Сейсмик активлашувнинг бошқа табиий даврий жараёнлари билан
тўғридан-тўғри алоқадорлиги аниқланмаган. Бироқ бу борада тадқиқотлар
давом этмоқда.
Навбатдаги сейсмик фаол даврни статистик маълумотларга таяниб олдиндан
башорат қилиш мумкин, бироқ катта эҳтимоллик билан. Фақатгина
рақамларга таяниб бўлмайди. Бунинг учун сайёрамизнинг кучланган
ҳолатини кўрсатувчи аниқ геофизик параметрларни билиш керак.
Сайёрамизда бир неча йирик континентал ва океан плиталари бор. Улар
ҳаракатланиб, бир-бирига ўзаро таъсир кўрсатади. Туташган жойларда
жуда юқори миқдорда кучланиш ҳосил бўлади. Бир-бирига туташган плиталар
чегаралари – сейсмик фаол минтақалар, масалан Тинч океани ёки Марказий
Осиё сейсмик фаол минтақалари, зилзила энг кўп рўй берадиган жойлар
ҳисобланади. Бу минтақалар бир жойда туради, кўчмайди. Плиталар
тектоникаси нуқтаи назаридан қаралганда, бизнинг ҳудуддаги сейсмик
фаоллик Ҳинд плитасининг Евроосиё плитасига бўлган босими туфайли келиб
чиқади, деб саналади. ЗИЛЗИЛАЛАР ҚАНЧА КУЧЛИ БЎЛСА...
1992 йилдан 2005-2006 йилларда Ўзбекистонда сейсмик сукунат
кузатилди. Бу давр ичида икки марта кучли зилзилалар даражасидаги ер
қимирлашлар қайд қилинганди. Булар – Қамаши (Қашқадарё) ва Бухоро
ҳудудларида.
Ҳозир мамлакатимизда сейсмик фаоллашув кучайган. Эпимаркази
Қирғизистон билан чегарасида бўлган Риштон ва Сўх зилзилалари бунинг
исботидир.
Зилзилалар ҳар куни содир бўлади. Йилига биз 500-600 та 9 энергетик
синфга оид ёки магнитудаси 2,5 дан ортган ер қимирлашларини қайд
қиламиз. Кучсиз зилзилалар сони эса бундан анча кўп. Аҳолига хавф
туғдирувчи зилзилаларнинг магнитудаси 5 дан ортганларидир. Зилзилалар
қанча кучли рўй берса, улар шунча кам такрорланади. 10 энергетик синфга
оид зилзилага деярли 3 та 9 энергетик синф зилзилалари тўғри келади.
Сўнгги йил ичида Ўзбекистонда магнитудаси 5 дан ошган зилзилалар кўпи билан 6 марта рўй берди. ЎЗБЕКИСТОННИНГ ҚАЕРИ ХАВФСИЗ?
Ўзбекистон ҳудудида бир неча сейсмик фаол ҳудудлар бор. Масалан,
Тошкентдан Қоржонтоғ ёриғи ўтган. Бу ҳудудда кўплаб кучли зилзилалар,
шу жумладан, 1966 йилда рўй берган Тошкент зилзиласи кузатилди.
Мамлакатимиз шарқида ҳам шундай ҳудудлар бор, масалан, Жанубий
Фарғона ва Шимолий Фарғона ёриқлари. Бу "чуқур ҳудуд” йирик ёриқлар
билан ўралган. Фарғона водийсида рўй берадиган зилзилалар айнан шу
ёриқлар ҳудудида қайд қилинганди.
Сейсмик фаол ҳудудлар Ўзбекистоннинг ғарби ва жанубида ҳам йўқ эмас.
Таъкидлаш лозим, мамлакатимизнинг ғарбий қисми жанубийсидан сейсмик
жиҳатдан сустроқ. Шундай бўлса-да, у ерда ҳам зилзилалар кузатилган.
Масалан, 1976 ва 1984 йилдаги Газли зилзилаларининг магнитудаси 7 дан
ошганди.
Зилзилалар ёриқлар жойлашган ҳудудларда рўй беради. Ёриқ бўлмаган жойларда ўша зилзилалар таъсирида ер қимирлайди.
Бугунги кунда институтимиз ходимлари томонида турли интенсивлик
даражасидаги зилзилалар ҳудудлари кўрсатилган харита ишлаб чиқилди. У
тасдиқдан ўтди ва тез орада тарқатилиши режалаштирилмоқда. ЯНГИ УСКУНАЛАР КЕЛТИРИЛДИ
Республикамиз бўйлаб юқори сезувчан ускуналар ўрнатилган. Яқинда биз
Германия Ташқи ишлар вазирлиги ва Потсдам шаҳри Гелмголц номидаги Ер
тадқиқоти марказидан кенг қамровли сейсмогрофлар олдик. Уни "Тошкент”
сейсмологик станциясига ўрнатдик. Ўшандан бўён биз Марказий Осиё
сейсмик станциялари халқаро тармоғи – CAREMONга уланганмиз ва
маълумотлар алмашувини тезкор равишда амалга ошириш имконига эга
бўлдик. Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида 40 та станция фаолият юритади.
Маълумотлар ўрганилгач, сесмологик вазият ҳақида тассавур шаклланади.
Яқин орагача бизда аналог аппаратуралар бўлганди. Ҳозирги рақамли
сейсмик станциялар турли частотадаги – микросеймдан тортиб жиддий
талафотлар етказувчи зилзилаларни қайд қила олади.