Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, сут маҳсулотларини севиб истеъмол қилувчиларнинг мияси яхшироқ ишлайди. Америкалик олимлар сутнинг яна бир фойдали хусусиятини аниқлашди. Маълум бўлишича, сут нафақат суякларни мустаҳкамлаб, организмни керакли миқдорда оқсил ва витаминлар билан таъминлайди, балки мия фаолиятини яхшилайди ҳам. Олимлар 23-98 ёшдаги бир қанча кўнгиллини диққат-эътибор, хотира ва ўқиб-ўрганиш имкониятларини текшириш мақсадида саккизта тестдан ўтказишди. Натижада ҳафтасига камида олти марта сут ичганлар бошқаларга нисбатан тестларни яхшироқ уддалашди. Бу ҳолат сутда хотира бузилишининг олдини олувчи муайян озиқ моддалари (масалан, магний) борлиги билан изоҳланмоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, кунига ақалли бир марта ёғсизроқ ёки ёғсизлантирилган сут ичиб туриш керак.