Ҳа, қалқонсимон безни «саломатлик қалқони», десак бўлади. Унинг оғирлиги атиги 25-30 грамм, лекин танамизда моддалар алмашинуви, нафас олиш, инфекцияларга қарши курашувчанлик ва зарарланган тўқималарнинг тикланиши, хуллас, саломатлигимиз кўп жиҳатдан ана шу безга боғлиқ. Шундай экан, уни турли хавфлардан асраб-авайлашимиз зарур. ЙОД КЕРАК Қалқонсимон без учта гормон ишлаб чиқаради – тиреокальцитонин, тироксин ва трийодтиронин. Булардан биринчиси организмда кальций алмашинувини, қолган иккитаси эса танамиздаги барча ҳужайраларда моддалар алмашинувини тартибга солади. Қалқонсимон без фаолияти бузилдими, бирор касалликни кутиб олишимизга тўғри келади. Агар юқорида тилга олинган гормонлар керагидан ортиқ ишлаб чиқарила бошланса, қалқонсимон без организмни тезроқ ишлашга мажбур қилади, бу ҳолда одам озиб кетади. Гормонлар етарлича ишлаб чиқарилмаса-чи? Бунда моддалар алмашинуви бузилиб, истеъмол этилган таомлар мақсадга мувофиқ ишлатилмайди ва киши семира бошлайди. Қалқонсимон безга гормонлар ишлаб чиқариши учун керакли маҳсулот – бу йод. Шунинг учун қалқонсимон без касалликларига кўпинча сабаб қилиб йод танқислиги кўрсатилади. Бу ўринда, албатта, ирсий омилни ва қалқонсимон без туғма ривожланмаган бўлиши ҳам мумкинлигини унутмаслик лозим. Айниқса, шаҳарларда радиоактивликнинг юқори бўлиши қалқонсимон без фаолиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Радиация биринчи навбатда қалқонсимон без ҳужайраларига зарар етказади. Бизни қуршаб олган кимёвий моддалар ҳам хайрли эмас. Айтайлик, қон босимини туширувчи, сийдик ҳайдовчи дорилар қалқонсимон без фаолиятига путур етказиши мумкин. Парҳезларга ҳаддан ортиқ ихлос қўймаган маъқул, акс ҳолда танада гормонлар мувозанати бузилади. Шунингдек, доимий стресслар ва ортиқча ҳис-ҳаяжонлар қалқонсимон безнинг душмани саналади. ГИПОТИРЕОЗ ВА ГИПЕРТЕРИОЗ Қалқонсимон без фаолиятининг сусайиб бориши тиббиётда гипотиреоз деб аталади, яъни без гормонларни етарли миқдорда ишлаб чиқармай қўяди. Гипотиреоз болаларнинг жисмоний, жинсий ва ақлий ривожланишдан ортда қолишига олиб келади. Бу касалликка чалинган бемор ҳолсизлик, толиқиш, меҳнат қобилиятининг пасайиши, уйқучанликдан шикоят қилади, тез-тез қабзият безовта қилади. Аёлларда тирсак ва тиззада тери қуруқшаши мумкин. Беморнинг териси шўралашади, соч тўкилади, тирноқлар мўрт бўлиб қолади. Гипотиреозга чалинган одамда тана ҳарорати одатда 36 даражадан кўтарилмайди ва у совуққа чидамсиз бўлади. Гипотиреознинг сабаблари турли-туман бўлиши мумкин: туғма, операция асорати, радиация ёки вирусли инфекциялар, кимёвий маҳсулотлар ва ҳоказо. Бироқ касаллик пайдо бўлишига асосий сабаб – йод танқислиги. Дастурхонидан мева-чевалар ва денгиз маҳсулотлари аримайдиган одамнинг бундай муаммога дуч келиш эҳтимоли кам. Гипотиреозга чалинмаслик учун йод зарур экан, деган хаёлда ўзбошимчалик билан йод профилактикасига киришманг. Акс ҳолда фойда эмас, зарар кўриб қолишингиз мумкин. Бу ишни, яхшиси, мутахассисга қўйиб беринг. Баъзида қалқонсимон без жуда фаол ишлайди, бу ҳам касаллик бўлиб, гипертиреоз деб аталади. Бунда организмдаги моддалар алмашинуви кучайиб кетади. Гипертиреоз натижасида бемор серзарда, салга йиғлайдиган, юраги тез-тез урадиган бўлиб қолади, кучсиз иситма чиқади. Беморнинг иштаҳаси яхши бўлса ҳам озиб кетади, оёқ-қўли, баъзан бутун бадани титрайди, кўп терлайди ва қалқонсимон без катталашади. Кўпинча стресслардан азият чекадиганлар гипертиреозга чалиниб қолишади. Касалликка ўз вақтида ташхис, қўйиб, даволашни бошлаш жуда муҳим. Одатда, 1,5-2 йил махсус препаратлар билан даволанади. АЛАМЛАРНИ УНУТИНГ Мутахассислар қалқонсимон без ва руҳий муаммолар ўртасида боғлиқлик мавжудлигини таъкидлашади. Гап шундаки, қалқонсимон без бизнинг саломатлигимизни асраш мақсадида ҳар қандай руҳий зарбани ўзига олар экан. Одам ҳадеб ўзини айбдор ҳис қилавериши, ўз қобилиятларини намоён эта билмаслиги қалқонсимон без фаолиятиги салбий таъсир ўтказиши мумкин. Бундай вазиятдан чиқиш учун дори-дармонлар камлик қилади, ўзингизга ўзингиз ёрдам беринг. Қандай қилиб дейсизми? Жуда осон: ўзингизга нисбатан ачиниш ёки нафрат ҳиссини йўқотинг, аламларни унутинг, одамларга кулиб қаранг ва соғлом турмуш тарзи кечиринг. Мана кўрасиз, ғам-андуҳлар аригани замон касалликдан ҳам фориғ бўласиз.
ХАЛҚ ТАБОБАТИДАН - Гипотиреозга чалинган беморларга ламинария (денгиз карами) фойдали ҳисобланади. Унинг таркибида кўплаб витаминлар ва микроэлементлар, энг муҳми, йод бор. Ламинарияни таомларга қўшиш ёки ярим чой қошиқ қуритилганини овқатланишдан олдин қабул қилиш мумкин. - 1 ош қошиқ денгиз карами, 3 ош қошиқ творог, 10 та ёнғоқ мағзи, 1 ош қошиқ тўғралган саримсоқ ва 1 чой қошиқ ўсимлик ёғини яхшилаб аралаштиринг. Ҳафтада 2-3 марта еб турасиз. Ортгани совикичда сақланади. Бу аралашма йод танқислигида ёрдам беради. - Битта лимон пўстлоғи, 1 ош қошиқдан зиғир уруғи ва асални аралаштириб, устидан 1 литр қайнаган сув қуйилади. Паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Совигач, сузиб олинг. Куни бўйи сув ёки шарбат ўрнига ичасиз. Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!