Турмушда ишлатиладиган кимёвий воситалар уй бекаси меҳнатини енгиллаштиради. Бироқ биласизми, кундалик ҳаётимизда учувчан газлар ва ҳашаротларга қарши қўлланиладиган турли дори воситалари организмимизга акс таъсир қилмай қўймас экан. Маълумотларга кўра, канцероген (саратон келтириб чиқарувчи) модда бўлган бензапиреннинг 45 фоизи сигарета орқали, 36 фоизи автомобиллардан чиқадиган газлардан, 16 фоизи парфюмерия, косметика ва бошқа тозаловчи маиший воситалар, ксерокопия ёки принтер кукуни ҳамда ҳашаротларга қарши моддалар орқали, 3 фоизи саноатнинг ишлаб чиқариш тармоқлари орқали танамизга кириб олиб, соғлиғимизга жиддий хавф туғдиради.
Чанг – ўсма касалининг сабабчиси Шунингдек, гиламлар орасида яшайдиган майда ҳашарот ва чанглар ҳам зарарли ҳисобланади. Айниқса, пойабзал билан юриладиган гиламлар ўзига жуда кўп миқдорда зарарли чангларни тўплайди. Гиламдаги чанглар ўзида кадмий, қўрғошин каби оғир металл чанглари, полихлоринат биофениллар каби заҳарли моддаларни сақлаши мумкин. Гиламлар астма ва аллергияни қўзғайдиган бактериялар учун севимли макон ҳисобланади. Ёш болалар гилам устида ўйнаётганида ёки эмаклаганида ана шундай майда ҳашарот ва чангларни ютиши эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли оналар ёш болали уйда гиламнинг тозалиги эътибор бериш керак. Хлор, оҳак – соғлиққа зарар Шу билан бирга, тозалаш учун ишлатиладиган хлор ҳам саломатлигимиз учун хавфли. Уни ишлатаётганда иложи борича махсус ниқоблардан фойдаланиш керак. Хусусан, ҳомиладор аёллар бундай моддаларни ишлатишда эҳтиёт чораларини кўришлари талаб этилади. Сувни тозалашда фойдаланиладиган аччиқтош, оҳак каби моддаларнинг ҳам соғлиққа зарари бор. Агар сув оҳакли ёки хлорли бўлса, истеъмол қилмаган маъқул. Маиший қувур сувларидан эса қайнатиб фойдаланиш керак. Шунингдек, кўп миқдордаги хлорли сувда душ олиш тавсия этилмайди. Нима қилсам экан? Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб борган, кўплаб зарарли кимёвий моддалардан ваҳимага тушмаслик мумкин эмас, албатта. Ҳозирда бу моддаларнинг белгиланган меъёрларини аниқлаш ва соғлиққа зарарли деб топилган миқдордан ошмаслиги учун профилактик чораларни ишлаб чиқиш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Кимёвий моддаларнинг зарарли меъёрини аниқ билмаганимиз ҳолда уларнинг салбий таъсиридан сақланиш учун нималар қилиш лозим? - Газ плита ва ўчоқлардан билинар-билинмас чиқадиган газлар зараридан сақланиш учун ошхонани тез-тез шамоллатиб туриш керак. - Таркибида зарарли моддалар бўлган маҳсулотларни имкон қадар ишлатмаган маъқул. Эҳтиёж туғилган ҳолатларда, маҳсулот этикеткаси ёки қўлланмасига қараб, керакли эҳтиёт чораларни қўллаш лозим. - Сунъий парфюмерия ўрнига табиий парфюмериялардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. - Уй тозалиги, айниқса, гилам, жавон каби чанг йиғиладиган жойларга алоҳида эътибор беришимиз шарт. - Маиший қувур сувларини қайнатиб ёки махсус қадоқланган сувлардан фойдаланиш лозим. - Касаллик келтириб чиқарувчи унсурларни камайтиришнинг имкони бўлмаса, уларга қарши керакли тадбирлар қўллаш керак. - Бундан ташқари, маиший кимё воситаларини кўп сотиб олиб, ғамлаб қўйиш ярамайди. Чунки идишнинг оғзи маҳкам эканлигига тўла ишонч ҳосил қилиб бўлмайди. Айниқса, бу гап фосфорорганик бирикмалар ва учувчан моддалари бўладиган препаратларга тегишли. - Ҳашаротларга қарши ишлатиладиган, таркибида хлорланган углеводороди бор патентланмаган турли восита ва эритмаларни ўзбилармонлик билан ишлатадиган одамлар катта хато қиладилар. Чунки бу дориларнинг ҳиди ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. - Ошхона ва уйларга зарарли ҳашоротларга қарши дори (инсектицид)ларни сепиш олдидан барча идиш-товоқлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг устини яхшилаб ёпиб қуйиш, болалар ва кексалар хонадан чиқиб туришлари лозим. Эътибор беринг! Ривожланган мамлакатларда фойдаланишга яроқсиз деб топилган ёки тақиқланган кўпгина кимёвий моддалар ривожланаётган мамлакатларда ҳали ҳам кенг кўламда ишлатиб келинмоқда. Шу боис таркибида кимёвий модда бўлган маҳсулотларни харид қилишда эътибор билан ёндошиш фойдадан холи эмас. Дуч келиш мумкин бўлган баъзи кимёвий моддалар ва уларнинг қаерда мавжудлиги ҳақида қуйида берилаётган маълумотлар сизга ёрдамчи бўлади, деган умиддамиз: 1. Ацетон бўёқ, кир ювиш кукуни, идиш ювиш гели ва дезодорантларда учрайди. Оғиз қуриши, кўнгил айниши, қайт қилишни келтириб чиқаради. Асаб тизимига таъсир этади. 2. Бензалдегид соч спрейи, оқартирувчилар, соч креми ва шампунларда учрайди. Кўз, тери, ўпка учун зарарли наркотик ҳисобланади. 3. Бензил ацетат парфюмерия, юмшатувчилар, совун спрейи, оқартирувчилар таркибида мавжуд бўлиб, канцероген модда ҳисобланади. 4. Камфора парфюмерия, крем, косметика воситаларида учрайди. Нафас йўлларига кириши инсон саломатлиги учун хавфли. 5. Этанол аксар косметика ва тозалик воситаларида учрайди. Ҳолсизлик ва асаб тизими касалликларини келтириб чиқаради. 6. Лимонен косметикада ишлатилади. Кўз ва тери учун зарарли. Ҳидлаш мумкин эмас.