Катталиги Нью-Йорк шаҳрича келадиган айсберг Антарктидадан ажралиш арафасида, дея хабар беради Dailymail. Ўтган йилнинг октябрь ойи ўртасида NASAнинг тадқиқот самолётида олинган суратдан Чили яқинидаги Пайн-Айленд музлигида узунлиги 28 километрга тенг ёриқ пайдо бўлгани аниқланган эди. Ўшанда олимлар бир неча йил ичида катталиги 900 кв. км.ли айсберг ажралиши ҳақида айтишганди. Аммо улар айтган жараён тезроқ содир бўлмоқда. Бир ой ўтиб олинган суратларда шу вақт ичида ёриқ яна 3 километрга узайгани, кенглиги 80 метр, чуқурлиги 60 метрга етгани аён бўлди. Олимларнинг фикрича, бунга иқлимнинг ўзгариши ва ушбу ҳудудда уммон сувларининг илиши сабаб бўлган. Айсбергнинг ажралиши қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида олимлар аниқ фикр айтишга шошилмаяптилар. Тахминларга кўра, улкан муз бўлаги океандаги оқимга, демакки, иқлимга таъсир кўрсатади. Яна бир тахмин – айсберг Дунё океанида сув сатҳининг кўтарилишига ва соҳилда жойлашган шаҳарларнинг ғарқ бўлишига олиб келади. Аммо айсбергларгинг ажралиши табиий даврий жараён эканини таъкидлаётган мутахассислар ҳам йўқ эмас. Маълумотларга кўра, улкан айсбергнинг ажралишига ўтган йилнинг мартида Японияда юз берган кучли зилзила сабабчи. Ер силкиниши оқибатида вужудга келган цунами тўлқинлари Антарктида соҳилларигача етиб келган ва жуда катта зарб билан материкка урилган. Цунами бу ерларга етиб келиш учун 13 минг километр масофани 18 соатда босиб ўтган. NASA мутахассислари бунчалик узоқ масофадан сўнг Антарктидага етиб келадиган цунами тўлқинларининг баландлиги атиги 30 сантиметр бўлишини тахмин қилишганди. Лекин шунинг ўзиёқ етарли бўлган кўринади. Масалан, тўлқинларнинг зарб кучидан Зульцбергер музлиги бир неча қисмга бўлиниб кетган. Уларнинг энг каттаси 6х9 км бўлиб, қалинлиги 80 метрга тенг.