Бугун Буюк Британия қироличаси Елизавета II тахтга ўтирганлигига 60 йил тўлди. У айни пайтда Британия Ҳамдўстлигига кирувчи 15 та давлатнинг қироличаси ҳамдир (улар орасида Австралия, Канада, Янги Зеландия, ЖАР, Ямайка бор).
1952 йилнинг худди шу куни Эдинбург герцогиняси малика Элизабет Александра Мэри Виндзор тахтга ўтириб, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироличаси, Ҳамдўстлик мамлакатлари раҳнамоси ва Эътиқод ҳимоячиси Елизавета II га айланган эди. Отаси Георг VI 56 ёшида коронар тромбоздан вафот этган шу куни 25 ёшли бўлажак қиролича турмуш ўртоғи билан Кенияда эди.
Айтиш керакки, «бриллиант юбилей»га бағишланган расмий тантаналарнинг аксарияти ёзда бўлиб ўтади (об-ҳаво инжиқликлари байрамга таъсир қилмаслиги учун). Масалан, 2-5 июнь кунлари дам олиш деб эълон қилинган.
Ҳозирга қадар Елизавета II 21 минг 915 кунни тахтда ўтказди, 3,5 мингдан ортиқ парламент қарорларини имзолади, нақ 12 та бош вазир алмашишига гувоҳ бўлди. У тахтга ўтирганда Британия Ҳамдўстлигига 32 та давлат кирар эди, эндиликда уларнинг сони 16 тани ташкил этади.
Қиролича 600 та хайрия ташкилотининг ҳомийси, 400 мингдан ортиқ турли-туман унвонлару мукофотларнинг соҳибаси ҳисобланади. У 261 марта хорижий ташрифларни амалга оширган, дунёнинг 116 та давлатида бўлган.