Фарзанд – оиланинг умиди, бахту қувончи, таянчи, чароғбони ва келажаги. Фарзандли оилада бағри бутунлик, шоду хуррамлик бўлади. Зеро, «Болали уй – бозор, боласиз уй – мозор», деб бекорга айтишмаган. Дунёдаги ҳар бир аёл фарзандли бўлишни, гўдак исига тўйишни хоҳлайди. Фарзанди тимсолида ўзининг орзу-истакларини, умидларини кўради. «БЕПУШТ» деган ташхис эса аёлнинг кўнглини қаттиқ оғритиши шубҳасиз...
Никоҳдан сўнг аёл бир йил ичида ҳомиладор бўлмаса, бепушт саналади. Турмуши давомида умуман бола кўрмаса бирламчи бепуштлик, битта фарзанд кўргач, қайта ҳомиладор бўлмаса иккиламчи бепуштлик сифатида қайд этилади. Мутлақ (иложсиз) бепуштликка эса аёлда жинсий аъзолар (бачадон, тухумдон) туғма йўқлиги сабабчидир. Текширувларда аниқланишича, бепуштликка олиб келувчи асосий сабабларни уч турга бўлиш мумкин экан.
ОВУЛЯЦИЯНИНГ БУЗИЛИШИ
Ўттиз беш-қирқ фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик кузатилади. Тухум ҳужайра (уруғ) тухумдонда етилади, шунинг учун тухумдон ҳақида аниқроқ тушунча бериб ўтсак. У аёллардаги бир жуфт жинсий без бўлиб, бачадоннинг икки ёнида (кичик чаноқда) овалсимон шаклда жойлашган. Тухумдонда тухум ҳужайра ҳосил бўлишдан ташқари қонга гормон (фолликулин) ишлаб чиқарилади. Бу гормон аёллар жинсий аъзолари фаолиятининг меъёрида бўлишида катта рол ўйнайди ва иккиламчи жинсий белгилар (овознинг ўзгариши, кўкрак безлари ривожланиши, чаноқ кенгайиши)ни пайдо қилади. Одатда ҳар 28 кунда тухумдонда битта тухум ҳужайра етилади, бу овуляция дейилади. Кўпинча эса организмдаги гипофиз ва гипоталамус безлари ишлаб чиқарадиган гормонларнинг етишмовчилиги оқибатида ановуляция (уруғ етилмаслиги) кузатилади. Бунда ҳайз келиш муддати издан чиқади, баъзан аменорея (ҳайзнинг узоқ муддат келмай қолиши) рўй беради, гоҳида эса ҳайз маромида келиб турганда ҳам ановуляция кузатилади. Кучли шамоллаш, руҳий изтироблар, буйрак усти безининг андроген гормонларни ҳаддан зиёд кўп ишлаб чиқариши, сурункали тухумдон яллиғланиши, буқоқ хасталиги сингарилар ҳам кўпинча ановуляция жараёнини келтириб чиқаради. Хуллас, бу жараённи ҳозирда аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Текширув давомида қондаги гормонлар миқдори аниқланади, ультратовуш ёрдамида тухумдон ҳолати аниқланади ёки лапароскоп билан бачадон ичи синчиклаб текширилади. Шунда бирорта нуқсон сезилса, бартараф қилинади. Шунингдек, бугунги замонавий тиббиётда турли гормон препаратлари қўллаш орқали тухумдонда уруғ етилтирилади ва бепуштликка барҳам берилади.
БАЧАДОН НАЙЛАРИДАГИ НУҚСОНЛАР
Асосан 20-30 фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик рўй беради. Бачадон найлари тухум йўллари ёки фаллопий найлари деб ҳам юритилади. Унинг узунлиги 10-12 сантиметр бўлиб, тухумдонда етилган тухум ҳужайра шу найлардан бачадонга ўтади. Ўнг тарафдаги най чап томондагига нисбатан узунроқ. Бачадон найларининг тешиги бачадонга қараб очилади. Баъзан оталанган тухум ҳужайра бачадон найларининг яллиғланиши (ёки торлиги, қинғир-қийшиқлиги) туфайли ҳаракатлана олмай, найнинг бирор қисмига жойлашиб қолади (бунда бачадондан ташқари ҳомиладорлик рўй беради). Бачадон найларининг девори бириктирувчи, мушак ва шиллиқ қаватдан иборат. Сурункали руҳий изтироблар, жинсий гормонлар ишлаб чиқарилишининг издан чиқиши, яллиғланишлар (сўзак, хламидиоз, захм сингарилар) оқибатида ҳам бачадон найларида турли нуқсонлар келиб чиқади. Бундан ташқари, қорин бўшлиғи соҳасида амалга оширилган жарроҳлик муолажалари ёки ички ўткир касалликлар (масалан, кўричак, перитонит, полиплар, эндеметриоз)дан кейин ҳам бачадон найларида нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Бепуштликка сабаб бўлувчи бачадон найларидаги нуқсонлар ультратовуш текширувлари ва рентген аппарати орқали аниқланади ва муолажа қилинади.
ТУРЛИ ГИНЕКОЛОГИК ХАСТАЛИКЛАР
Бачадон касалликларида қўлланган гормонлар натижасида бачадон қаватларининг ўзгариши, туғуруқдан кейинги жиддий асоратлар, бачадон ўсмалари (миома, киста, полиплар) ва сурункали кечган яллиғланишлар 15-20 фоиз аёлларда бепуштликни келтириб чиқаради. Масалан, кольпит (вагинит), метроэндометрит (бачадоннинг мушак ва шиллиқ қавати яллиғланиши), аднексит (бачадон найлари ва тухумдоннинг яллиғланиши), вульвовагинит (қин яллиғланиши), эндоцервицит (бачадон шиллиқ қаватининг яллиғланиши) каби хасталиклар сурункали кечган ҳолларда бепуштликка сабаб бўлади. Шунингдек, аёлларда учрайдиган бачадон аденомиози ва ташқи жинсий аъзоларидаги оғир жараёнлар ҳам бепуштликка олиб келади. Жинсий аъзолар яллиғланиши хасталикларини даволаш учун аёл биринчи галда инфекцион дардлардан сақланиши лозим. Чунки кўп ҳолларда бундай яллиғланишларни турли инфекциялар (сил таёқчалари, замбуруғлар, гонококклар) келтириб чиқаради. Шунингдек, нерв ва эндокрин тизимидаги ўзгаришлар, қон-томир ва юрак касалликлари ҳам жинсий аъзолар ишини ёмонлаштиради. Демак, жинсий аъзолар касалликларининг бирор тури аниқланиши биланоқ аёл дарҳол даволаниши лозим.
Маҳмуда Имомқулова, олий тоифали гинеколог