"Келин” сериалининг довюрак, иродали, чапани келинчаги Эъзознинг кадр ортидаги ҳаёти ҳақида нималарни биласиз?
Келинг, бу хусусда билганларимизни баҳам кўрсак.
ТЎРТ ЁШИДАЁҚ ЎҚИШ ВА ЁЗИШНИ БИЛАРДИ
Нургул Яшилчой Турк кинооламининг энг ёрқин юлдузларидан бири. 1976 йил Измирда таваллуд топган Нургулнинг кинодаги илк қадамлариёқ унга кутилмаган машҳурликларни ҳадя этди.
"Мен Измирда туғилганим билан ҳужжатларимга кўра афёнликман. Сабаби, отам Афённи жуда севарди. Ўзим эса у ерда бир марта бўлганман, холос, – дейди Нургул ўз ҳаётини ҳикоя қилиб бераркан. – Мен тўрт ёшимдаёқ опаларимдан ўқиш ва ёзишни, содда математик масалаларни ечишни ўрганиб олгандим. Тиришқоқлигим иш бериб, мени бир йўла иккинчи синфга қабул қилишган (аслида учинчи синфга қабул қилинардим бироқ жуда кичкиналигим учун дадам розилик бермаган).
Лицейда ўқиб юрган вақтларимда Эрзинжон зилзиласи юз берди. Биз – саккизта кўнгиллилардан ташкил топган гуруҳ у ердаги одамларга ёрдам бериш учун кетдик. Туркиянинг аччиқ бир ҳақиқатини бошдан кечираётган инсонларни кўриш жуда ачинарли эди”.
БИРИНЧИ МУҲАББАТ...
"Бир куни мактабдан қайтаётиб бир талаба билан танишиб қолдим, у мени ўзи қатнаётган рассомчилик тўгарагига олиб борди. Рассомликка ҳавас менда аввалдан бор эди. Ўқитувчи чизган расмларимни кўргач, мени ҳам ўзига ёрдамчи қилиб олди.
Биринчи муҳаббат азоби бир ой овқат емаслик, йиғи, йиғи ва яна йиғи билан кечди… Инсон илк севган кишиси билан турмуш қуришни, бола-чақали бўлиб, бахтли ҳаёт кечиришни иcтаркан. Аммо, яхшики, булар сўнгги муҳаббатингдагина насиб этади. Орадагилари эса ўткинчи…”
"ИШКОМЛИ УЙ” – МАШҲУРЛИК САРИ
Ўрта таълим ва лицейдаги таълимни Измирда тамомлаган Нургул 2001 йилда Эскишаҳардаги Онадўли университетининг театр актёрлиги бўлимининг талабаси бўлди. Университетда ўқиш жараёнида илк ролини – "Иккинчи Баҳор” филмида Гулсум образини яратди.
2002 йилда суратга олинган "Ишкомли уй” сериалидаги Баҳор Қорадоғ образи актрисага оламшумул шуҳрат олиб келди, десак адашмаймиз. Бу сериал турк кино оламининг энг машҳур ва юқори рейтингли сериали сифатида ҳанузгача севимлилик даражасини йўқотгани йўқ.
"Ишкомли уй”дан сўнг Нургулга режиссёрлар томонидан таклифлар ёмғирдек ёғилиб кетди. Бирин-кетин бир нечта филм, сериалларда суратга тушган Нургул Туркиянинг энг севимли ва қиммат актрисасига айланди.
Ўзи каби санъат вакилларидан бўлган Чем Озер билан муносабатларини 2004 йилда никоҳ билан боғлаган Нургул 2005 йилда ўғли Осман Нежатни дунёга келтирди.
СЎНГГИ МИШ-МИШЛАРГА ҚАРАГАНДА...
Актрисанинг бахтли турмушига бошқаларнинг "кўзи” тегдими ё бошқа сабабми, сўнгги вақтларда Туркия матбуотида Нургулнинг оиласи бузилаётгани ҳақида тез-тез ҳабарлар чоп этила бошлади.
Маълумотларга қараганда, Нургулнинг ўзи ажрашиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган. Суд ажримни Нургулнинг фойдасига ҳал қилди, Осман Нежат ҳам, уй ҳам актрисада қоладиган бўлди. Жем Озер эса рафиқасининг қарорига қаршилик билдирмади, аксинча, ажрим тўғрисидаги қарор чиқибоқ бошқа уйга кўчиб ўтди. Ҳозирда матбуот саҳифаларида юлдузли оиладаги ажрим сабаблари тўғрисидаги турли тахмин ва музокаралар ёритиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Нургул Жем Озернинг иккинчи никоҳидаги рафиқаси эди.