Ҳазрати Абу Бакрнинг (р.а.) халифалик даврида мамлакатда очарчилик юз берди. Ана шундай ночор кунларнинг бирида ҳазрати Усмон (р.а.) Шомдан (ҳозир Сурия деб номланади) кўп миқдорда буғдой ортилган карвон билан қайтдилар. Бундан хабар топган бадавлат савдогарлар катта фойда эвазига буғдойга харидор бўлдилар. Бироқ ҳазрати Усмон уларнинг таклифларини рад этдилар – буғдойни сотмадилар. Шунда савдогарлар халифага арз қилишди. Халифа ҳазрати Усмонни чақиртириб: "Юртда қаҳатчиликни кўра туриб нега буғдойни сотмаяпсиз?” деб сўрадилар.
− Улар таклиф қилаётган баҳо жуда оз. Мен буғдойнинг ҳар бир донасига минг олтин берадиган харидор топдим. Буғдойнинг ҳаммасини фақат Унга сотаман.
Ҳазрат Усмон шундай деб буғдойни йўқсилларга улашдилар. Ул зотнинг мақсадларини англаган бўлсангиз керак? Ҳа, савоб учун, Аллоҳ ризолиги учун тарқатдилар. Зеро, Аллоҳ таборак ва таолонинг ваъдаси бор: "Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар савобининг мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга янада кўпайтириб савоб беради”(Бақара сурасидан). "Аллоҳга қарзи хасана қиладиган ким бор? Бас, у Зот ўша кишига бир неча ҳисса қилиб қайтарур ва унинг учун улуғ ажр-мукофот бўлур” (Ҳадид сурасидан). Ояти каримада зикр этилган "қарзи ҳасана” − яхши (ёки ихтиёрий) қарз, яъни Унинг йўлида қилинган хайру саховатдир. "Қарз” сўзининг луғавий маъноси "кесмоқ” бўлиб, қарз берувчи киши ўз молидан кесиб, сўровчига беради. Аллоҳ таоло йўлида сарф қилинган мулк судхўрлик ёки бошқа ғараз қўшилмаган яхши қарзга ўхшатиляпти. Қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ таоло муҳтож эмасдир. Ҳазрати Усмондан ҳам ҳеч ким буғдой сўрамади. Қалбдаги иймон қуввати даъвати ила бу саховатни қилдилар. Ҳазрати шайх Абдуллоҳ ибн Муборакнинг(қ.с.) саховатлари ҳам шундай.
Ул зот ҳаж ибодатни ният қилиб йўлга чиқиб қарасаларки, ахлат уюми атрофида бир кампир юрибди. У ахлат орасидан ҳаром ўлган товуқ оёғини олиб кетаётганда ул зот: "Онахон, бу нима қилганингиз? Ахлат орасидан олганингиз ҳаром-ку!” дедилар. Шунда кампир Қуръони карим ояти маъносига кўра: "Очдан ўлиб қолмаслигингиз учун ўлган жониворларнинг гўштини ейишингиз мумкин”, деб жавоб қилди. Сўнг маълум бўлдики, аёлнинг уч фарзанди уйда оя-яланғоч, ўлар ҳолда ётган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак ҳаж сафари учун сарфланажак пулларини шу оила учун сарф этдилар. Таом келтирдилар, кийим-бош олиб бердилар. Орадан анча фурсат ўтиб, ҳаж сафари якунлангач, ҳожилар келишиб, "Зиёратлари қабул бўлсин”, деб ул зотни табрикладилар. "Ахир мен ҳажга бормадим-ку?” деб ажабландилар. Ҳожилар эса ул зотни Каъбатулоҳда, Сафо ва Марва тоғлари орасида кўрганларини айтдилар. Ўша тун Абдуллоҳ ибн Муборак тушларида Расулуллоҳни (с.а.в.) кўрдилар. "Ҳаж ибодатинг муборак бўлсин”, дедилар Набий муҳтарам. "Э Аллоҳнинг расули, мен ҳаж ибодатига бора олмадим-ку!” дедилар ажабланиб. "Бора олмаган бўлсанг-да, кампирнинг оиласига кўрсатган саховатинг учун Аллоҳ сенга ҳаж ибодати савобини берди. Етмиш малоика Аллоҳнинг амри билан сенинг қиёфангда Маккаи Мукаррамага тушиб, етмиш жойда ҳожиларга кўринди. Шунинг учун ҳам улар сени муборакбод этишди”, дедилар Расулуллоҳ.
"Одамийлик мулки” китобидан.