Бу ажойиб байрам тимсолида биз, авваламбор, баҳор ва аёл тушунчалари нақадар уйғун ва ҳамоҳанг эканини, бир-бирини қандай чуқур маъно-мазмун билан тўлдиришини беихтиёр ҳис этамиз. Шу улуғ айёмда аёлларимизнинг беқиёс нафосати, ҳусну малоҳатини ўзимиз учун янгитдан кашф этгандек бўламиз.
Тарихнинг ўзи гувоҳ – аёл шаънига қанчадан-қанча қасидалар, шеъру достонлар битилган бўлмасин, токи дунёда одамзод бор экан, токи она меҳри, аёл муҳаббати барқарор экан, бу азалий ва абадий мавзу ҳеч қачон поёнига етмагай. Нега деганда, Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлмиш аёл зоти ҳар қандай юксак ҳурмат ва таҳсинларга муносибдир.
Улуғ ватандошимиз Бобур Мирзо, агарки ер юзидаги барча шоирлар юз йил таъриф этганларида ҳам, аёл латофатининг юздан бирини тараннум этолмайдилар, деганида, ҳеч шубҳасиз, мутлақо ҳақ эди. Ва бундай ҳаққоний эътирофлар, аввало, муқаддас заминимизнинг чирой ва назокатда, вафо ва садоқатда тенгсиз аёлларини назарда тутиб айтилган, десам, ўйлайманки, кўпчиликнинг дилидаги фикрни ифода этган бўламан.
Мана шундай шукуҳли дамларда биз, авваламбор, барчамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган мўътабар она сиймосига таъзим қилиб, ўз фарзандлик эҳтиромимизни бажо келтирамиз.
Айни пайтда хонадонларимизга файзу барокат киритадиган, ўзининг нозик елкасида рўзғор ташвишларини беминнат кўтариб келаётган умр йўлдошларимизга, ҳаётимизнинг гули бўлган лобар қизларимизга чексиз меҳр ва ҳурматимизни билдирамиз.
Гўзал ва оқила аёлларимиз ўзларининг ақл-идроки, меҳрибонлиги, сабр-қаноати билан ҳар бир оила, ҳар қайси маҳалла ва шу асосда бутун юртимизда аҳиллик, меҳр-оқибат, самимият ва поклик муҳитини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга катта ҳисса қўшиб келаётганини бугун яна бир бор миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Аёлни улуғлаш – оилани, ҳаётни, Ватанни улуғлаш демакдир. Бу ҳақиқат ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, барча хайрли ишларимизнинг мезонига айланишини истардик.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, барча www.samimiyat.com сайти йигитлари ва юртимизнинг барча ўғлонлари номидан Сизларни ўзингиз каби гўзал байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканмиз, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз.
Толеингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз доимо бутун бўлсин!
Фарзандларингиз ва яқинларингиз, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг!
Хонадонларимизни меҳрибонлик нури билан тўлдириб, ҳаётдан мамнун бўлиб, меҳру муҳаббат ардоғида яшаш барчангизга доимо насиб этсин!