Японияда бир йил муқаддам юз берган даҳшатли зилзила ва цунами қурбонларини хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўтган йилнинг 11 март куни Япониянинг шимоли-шарқида маҳаллий вақт билан соат 14:45 да магнитудаси 9 га тенг ер қимирлаши содир бўлган ва бунинг оқибатида баландлиги 40 метрли цинами келиб чиқиб, бир нечта шаҳарларни вайронага айлантирган эди. Охирги маълумотларга қараганда, табиий офат 15 854 кишининг ёстиғини қуритган, 3167 киши ҳалигача бедарак йўқолган деб ҳисобланади, 350 мингдан ортиқ фуқаро бошпанасиз қолган. Зилзила туфайли «Фукусима-1» атом электрстанциясида авария содир бўлиб, яқин атрофдаги 80 минг киши бошқа жойга кўчирилган. Кеча ана шу табиий офат қурбонлари ёдга олинди. Хотирлаш маросими Токиодаги Миллий театрда бошланди. Унда соғлиғи ёмонлашганига қарамай Япония императори Акихито, шунингдек, бош вазир Есихико Нода иштирок этди. Минглаб японияликлар қурбонлар хотирасига шам ёқиб, бир дақиқа сукут сақлашди.