«Шу йилнинг январида ишга кирганман. Ишхонамизда иш ҳажми камайгани сабабли иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш ҳақида аризани талаб қилишмоқда, мен ўз меҳнат таътилимни олмоқчи эдим. Бунга ҳаққим борми?»
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади. Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ҳамда курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар, ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак. Таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.