Олтин… У ҳақида айтиладиган гаплар кўпчиликни бирданига ҳушёр торттиради. Нима учун? Бу саволга жавоб топиш қийин эмас. Ахир кимдир бойлик васвасасида, кимдир айнан у борлиги учун, кимдир йўқлигидан ҳушёр тортади. Кимлардир уни деб алданган. Хўш, алданмаслик учун уни сотиб олишда нималарга эътибор қаратиш керак? Шу ҳақда фикр юритамиз.
ТИЛЛАГА ТАМҒА НЕГА БОСИЛАДИ? Биламизки, тилладан яратилган ҳар қандай буюмда (агар, у соф бўлса), албатта, тилланинг қотишмадаги фоизини кўрсатувчи тамға бўлади. Республикамизда ҳам қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар намуна назоратидан ўтказилади. Уларга тилланинг софлигини кўрсатувчи рақамлар зарб қилинади, яъни тамға босилади. Бу борада Ўзбекистонда метрик намуна тизими қабул қилинган. Бу тизим барча МДҲ давлатлари ва Вена конвенцияси таркибидаги давлатлар ҳамда Австрия ва Германияда қўлланилади. Метрик тизимдаги биринчи иккита рақам қотишманинг 1000 қисмида қимматбаҳо металлнинг фоизини билдиради. Масалан, 750 пробали буюмда 75 фоиз соф олтин бўлади. Пробанинг софлигидан келиб чиқиб, қолган қисми қўшимча лигатурадан (25 дан 70 фоизгача) иборат бўлади.
ХОРИЖ ТАМҒАСИ ҲАҚИДА Тамға турли мамлакатларда турлича кўринишда бўлади. Масалан, Белоруссияда зубр тасвири, Россияда соябонли қалпоқ кийган аёл суврати акс эттирилади. АҚШ, Туркия ва Италияда маълум бир тасвирдаги тамға учрамайди. Шунингдек, ҳар бир фабрика ёки фирма ўз белги намунасига эга. Бу давлатларда тилланинг сифатига давлат эмас, уни ишлаб чиқарувчи масъул.
ЭНГ ЮҚОРИ СОФЛИГИ Заргарлик буюмлари анъанавий тарзда 750- ва 585- қотишмалардан, камдан-кам ҳолларда 500- ва 375-пробаларда тайёрланади. Энг юқори тилла қотишмаси 958-пробали бўлиб, у бадиий ҳунармандчиликда ишлатилади. Ундан санъат асари яратилади. 900-проба асосан тиш протезларида фойдаланилади. 375 пробали паст қотишмадан тайёрланган тақинчоқлар эса заргарлик буюмлари эмас, балки бижутерия маҳсулотлари саналади.
МАЪЛУМОТ УЧУН МДҲ давлатларида энг кўп тарқалган тилла пробалари – 585 ва 750. Бугунги кунда 1 грамм 585 пробали тилланинг ўртача баҳоси 70 000 сўм, 750 пробали тилланинг 1 грамми ўртача 90 000 сўм. Лекин олтиннинг нархи тез ўзгарувчандир. Одатда у фақат ўсиб боради.
ТЕКШИРИБ КЎРИШИНГИЗ МУМКИН Республикамизда битта Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси мавжуд. Текшириш учун ҳафтанинг қайси кунида буюм олиб келиш жадвали тузилган. Текшириш муддати уч кундан иборат. * битта тилла буюмга тамға босиш учун 500 сўм; * кумуш буюм учун 150 сўм тўланиши белгиланган.
АЛДАНМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Бу борада сизга заргарлар оддий усулларни тавсия этишади. Дилором Жўраева, заргар: – Ҳозирги кунда тилланинг асиллигини кўпроқ ҳидидан билиш мумкин. Унинг ҳиди бошқа металлардан тубдан фарқ қилади. Нега ҳидидан? Чунки ҳозирда айрим қаллоб кишилар томонидан тайёрланаётган тақинчоқларни кўрсангиз, тилладан умуман ажратолмайсиз. Ҳатто баъзида заргарларнинг ҳам бир кўришда ажратиши қийин бўлиб қолди. Бошқа металлардан эса темир ҳиди келиб туради. Тажрибадан ўтиб келаётган ва ҳамма биладиган яна бир усул борки, уни махсус эритмага тиқиб кўрсангиз, агар паст пробали тилла бўлса, ранги қорайиб кетади. Бундан ташқари, тилланинг софлигини рангидан билиш мумкин.
РАНГИ ҲАҚИДА Соф тилла жуда юмшоқ бўлгани сабабли ундан ясалган тақинчоқ узоқ вақт хизмат қилмаслиги мумкин. Шунинг учун унга бошқа металлар қўшилади. Тилла таркибидаги лигатура кумушдан, мисдан ва палладий ёки никелдан иборат бўлади. Шунинг учун тилла буюмлар турли рангда: сариқ, оқ, пушти, яшил, қизил ва ҳатто кўк бўлиши мумкин. Бизнинг 750 пробали тилламиз Европаникидан фарқ қилади. Европа лигатурасида кумуш кўп, бизда эса мис. Шунинг учун Европа тилласи сарғиш тусда, бизники эса қизил. Кўплаб мамлакатларда, яъни Италия, Англия ва АҚШда тилла буюмларнинг пробасини аниқлашда карат тизими қўлланилади. Унга кўра, тоза тиллага 24 каратлик проба тўғри келади.
БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ Карат (қирот) – "цератония” субтропик дарахти уруғининг номи. У қуриганда ўзининг илк оғирлигини йўкотмайди. Ундан қимматбаҳо тош ва тиллани ўлчашда ишлатишган. Каратнинг доимий оғирлик бирлиги 1907 йилда ўрнатилган – 0,2 г. Пробаларни карат тизимидан метрик тизимга ўтказишда бир карат 1/5 граммга тенг деб олинган. Карат тизимининг қуйидаги пробалари мавжуд: 6 к, 8 к, 10 к, 12 к, 14 к, 18 к, 22 к. Сарвар Сафаров