Гарчи доғларни кетказиш усуллари ҳақида кўплаб тавсияларни берган бўлсак-да, кўпчилик бекалар ундан қутула олишгани йўқ. Шунинг учун бу галги саҳифамизда доғларни кетказиш борасида янада оддий ва оммабоп усуллар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. - Мебел жиҳозлари устидаги қора доғларни лимон суви ёрдамида кетказиш мумкин. - Мебелларда қолган рангсиз доғларни қуйидагича тозалаш мумкин: губкани ўсимлик ёғига ботириб оласиз ва эҳтиётлик билан уни ёғоч мебелнинг чизиқлари йўналиши бўйлаб артиб чиқасиз. Худди шундай, майонез ёки ўсимлик мойи ва туз аралашмасидан ҳам фойдаланишингиз мумкин (олдин суртиб, 2 соат давомида қолдириб, кейин ювиб ташланади). Ёки зиғир мойи ва скипидар аралашмасидан (1:1) худди юқоридаги тарзда фойдаланишингиз мумкин. - Дераза ойнасидаги бўёқ доғларини сирка ёрдамида тозалаш мумкин. - Чарм оёқ кийимларидаги доғларни бензин ёки пиёз суви билан тозалаш мумкин. - Пахтали, жунли, шойи газламаларидаги янги доғларни кетказиш учун газламанинг иккала томонидан тиш тозалаш кукуни сепилади. Устидан оқ қоғоз (лист)ни қўйиб, оғирроқ нарса билан бир сутка давомида бостирилади. Кукун қуруқ чўтка ёрдамида тозалаб ташланади. - Шойи газламаларидаги ёғли доғлар бир чимдим туз ва нашатир спиртининг эритмаси билан тозаланади. - Пўстин (шуба)даги қалин доғларни икки хил услубда тозалаш мумкин: мўйналарни бензин ёки доғ кетказувчи махсус суюқлик билан латтани намлаб, эҳтиётлик билан енгил ишқаланг; доғларни кир ювиш содаси эритмаси ёки совун кўпиги билан ювинг. Мўйнани эритма ёки совун кўпиги билан шундай артингки, бунда мўйнанинг чарм қисмига намлик ўтмасин. Бундай тозалашдан сўнг, улар сув билан ювилади ва мўйна қуритилади (фақат қуёшда эмас). Пўстин эса енгил қоқилади. - Қалин доғларни тезда кетказишни истасангиз, унга тиш тозалагич пастасини суртиб, устидан қоғоз қўйиб дазмоллаб олишингиз мумкин. - Дастурхонга томган чой доғларини лимон шарбати ёрдамида тезда тозалаш мумкин. Аввало ҳар бир кийимингиз ёки буюмингизни саришта озода, асрашни ўрганинг. Шунда ортиқча меҳнат сарфлашга ҳожат қолмайди. Эҳтиётсизлик қилиб қўйган ҳолларингизда эса юқоридаги маслаҳатларнинг фойдаси тегиши мумкин.