«Ассалому алайкум, муфтий ҳазратлари мен яқинда бир газетада "Уринотерапия ҳақида” номли бир мақолани ўқиб, ҳайрон қолдим. Мақолада пешобнинг табобатда кўп касалликларга даъво эканлиги ҳақида ёзишибди. Ахир пешобдан касалликка даъво сифатида ишлатилмай, аксинча, ундан пок юриб сақланиш керак-ку! Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларида "Сийдикдан сақланинглар чунки у қабр азобига сабабчи бўлади”, – деганлар. Сиздан илтимос, муҳтарам муфтий ҳазратлари, ушбу масалага изоҳ берсангиз».
– Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларига Ўзи ҳаром қилган нарсаларни шифо қилмаган. Саволда айтилганидек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларида "Сийдикдан сақланинглар, чунки у қабр азобига сабабчи бўлади”, – деганлар. Одамларга "янгилик” кўрсатишни ўзига эп биладиган айрим табиблар ҳам уринотерапия орқали даволайман деб, жар солгани ҳатто буни газеталарда ёзиб чиққани ачинарли ҳолат. Сабаби инсоннинг табиати мутлақо зид бўлган, ҳаром нарса сийдикда қандай даво ёки шифо бўлиши мумкин?! Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: "Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Мадинадаги қабристон ёнидан ўтиб кетаётиб икки кишининг қабридан азоблаётган овозини эшитдилар ва: «Бу иккиласи қабрларида азобланяпти. Уларнинг бири сийдигидан покланмас эди, иккинчиси эса чақимчилик қилар эди», – дедилар. Сўнг хурмо дарахтининг шохларини синдириб келишга буюрдилар ва ҳўл новдани икала қабр устига суқиб қўйдилар. Саҳобалар: "Нима учун бундай қилдингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» – дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шояд, иккала новда қуригунча улар ҳам азоблардан халос бўлсалар”, – дедилар. Мана, ҳадисдан кўрамизки, пешобдан покланмай туриб қандай азобга қолган кишининг қисматини. Энди уни даво деб, табобатда қўлланилар экан деб, ўқувчиларни бошини айлантириш мутлақо мантиққа тўғри келмайди. Шамсиддин Жавзийнинг "Тиббун набавий” номли асари ислом оламида жуда ҳам машҳур. Шу асарда бирон жойда пешоб билан даволаш деган гап йўқ. Ёки Ибн Сино бобомизнинг "Тиб қонунлари” номли асари ҳам бундай "шифо”лардан буткул йироқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло банларига ҳаром бўлган нарсалардан шифо қилмаган. Шунча покиза неъматлар, қанчадан-қанча соф табиий гиёҳлар турганда пешоб билан даволаш деган сўзнинг ўзи уят. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.