Англиянинг Ньюкасл шаҳрида туғилганига атиги 17 соат бўлган қизалоқ операция қилинди. Шундай қилиб, шифокорлар бу борада ўзига хос рекорд ўрнатишди. Жасмин Карр исмли бу қизалоқда юрак нуқсони борлиги туғилмасидан олдин маълум эди. Ҳомила 20 ҳафталик бўлганида юрагининг чап томони гипопластик синдромга чалингани, яъни ривожланмаётгани аниқланди. Шифокорларнинг айтишича, бундай ҳолат билан туғилган чақалоқ тез орада нобуд бўлади. Врачлар Жасминнинг ота-онасига жарроҳлик операцияси ёрдамида нуқсонни тузатиш мумкинлигини айтишди, шу билан бирга хатар катталиги ҳақида огоҳлантиришди ҳам: чақалоқнинг яшаб кетиш эҳтимоли атиги 15 фоизга тенг эди. Ҳомиладорлик 37-ҳафтасида сунъий равишда тўхтатилди ва Жасмин Ньюкасл шаҳридаги Фримэн клиникасида 11 соат давомида операция қилинди. Шундан кейин ўтган уч ой давомида қизалоқнинг ҳаёти қил устида турганди, аммо шифокорлар энди барча хавф ортда қолганини айтишмоқда. Аввалги «рекорд» ҳам инглиз шифокорларига тегишли. 2011 йилнинг июлида Бирменгем клиникасида туғилганига 36 соат бўлган боланинг юраги операция қилинган эди.