Кеча «Толибон» ҳаракати Афғонистон пойтахтида бошлаган ҳужумлар 17 соатдан кейин тўхтатилди. Agence France-Presse тарқатган хабарга кўра, ҳукумат кучлари «Толибон»ни бугун эрталаб тўхтатишга муваффақ бўлган. Кураш мобайнида 36 нафар жангари ўлдирилган. Бундан аввалроқ «Толибон» 11 март куни америкалик ҳарбий томонидан ўлдирилган 16 нафар тинч аҳоли вакиллари учун қасос олишини маълум қилганди. Кеча толиблар ҳукумат муассасалари, элчихоналар, шунингдек, Қобул ва бошқа шаҳарлардаги хорижлик ҳарбийлар жойлашган масканларга ҳужум қилган. Ҳужумлар оқибатида саккиз нафар хорижлик ҳарбий ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ ҳарбий ҳамда 25 нафар фуқаро яраланди. Афғонистонда хавфсизликка кўмаклашиш халқаро кучлари бош қўмондони (ISAF) Жон Аллен афғон ҳукумати кучлари амалга оширган операцияни юқори баҳолади.