Австралия бош вазири Жулия Гилларднинг маълум қилишича, мазкур мамлакат ҳарбийлари шу йилдаёқ Афғонистонни тарк эта бошлайди. Шундай қилиб, 1550 нафар австралиялик ҳарбийларнинг бари 2013 йил охиригача уйларига қайтади. Аввалроқ эса бу режа 2014 йилга мўлжалланган эди. 2001 йилдан бери афғон заминида австралиялик 32 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Жулия Гиллард ҳарбийларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши 21 майда Чикагода бўлиб ўтадиган НАТО саммитида муҳокама қилинишини билдирди. Айтиш керакки, Австралия ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлмаса-да, унинг энг яқин ҳамкорларидан ҳисобланади. Тахминларга кўра, оз сонли австралиялик ҳарбийлар Афғонистонда қолади ва маҳаллий мутахассислар малакасини оширишда қатнашади. Бундан ташқари, 2014 йилдан кейин ҳам Австралия Афғонистондаги ҳарбий операцияларни моддий жиҳатдан қўллаб туради.