Вьетнамнинг Куангнгай провинциясидаги Бато туманида бир йил ичида 19 киши номаълум касалликдан вафот этди. Бунинг қандай хасталик эканини аниқлаш мақсадида ҳудудга халқаро мутахассислар таклиф этилди. AP агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, маҳаллий ҳукумат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига илтимоснома жўнатган. Номаълум инфекция, айниқса, болалар ва ўсмирларга кўпроқ таҳдид соляпти. Унинг асосий белгилари қуйидагилардир: юқори ҳарорат, иштаҳанинг йўқолиши, қўл-оёқларга тошма тошиши. Агар касаллик бошланғич босқичда даволанмаса, беморнинг жигари ва бошқа ички аъзоларига зарар етади. Ушбу касаллик илк маротаба 2011 йилнинг апрелида қайд этилган. Маълумотларга қараганда, номаълум касаллик камида 164 кишига юққан. Айни пайтда 100 га яқин бемор касалхонага ётқизилган, улардан ўн нафарининг аҳволи жуда оғир.