Олимларнинг маълум қилишича, кўпинча қурғоқчиликдан азият чекадиган Африка қитъаси каттагина ер ости сув захирасига эга. Британия геология хизмати ҳамда Лондон университети коллежи тадқиқотчилари сув захираларининг батафсил харитасини тузишди. Уларнинг билдиришича, бу сувлар истеъмолга яроқлидир. Африканинг ер остидаги сув захиралари ер устидаги сув миқдоридан 100 баравар кўп экан. Тадқиқотчилар захирадан фойдаланиш учун қўл насослари билан таъминланган қудуқлар тармоғини яратишни таклиф этишмоқда. Африканинг кўпгина ҳудудларида чучук сув катта муаммога айланган. Статистик маълумотларга кўра, мазкур қитъада 300 миллиондан ортиқ аҳоли сув танқислигидан қийналади.