Юртимизда 5 ёшгача бўлган болаларни полиомиелит касаллигига қарши эмлаш кунлари бошланди. Саккизта вилоятда ўтказилиши кўзда тутилган мазкур тадбир 28 апрелга қадар давом этади. Тадбирнинг кейинги босқичини 21-26 май кунлари амалга ошириш режалаштирилган. Эмлаш учун Россияда ишлаб чиқарилган ва сифати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификати билан тасдиқланган вакцина ишлатилади. Тадбирни уюшқоқлик билан амалга ошириш мақсадида 5200 та эмлаш бригадалари ва пунктлари тайёрланди, эмлаш ишларига 6300 нафар шифокор ва 16 минг ҳамшира жалб этилган. Ўзбекистонда полиомиелит касаллиги 1996 йилда тугатилган. 2003 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юртимиз чиндан ҳам ёввойи полиовирусдан холи ҳудуд эканлигини тасдиқловчи махсус сертификат тақдим этилган. Юртимизда полиомиелитга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаса-да, бу касалликка қарши профилактика чора-тадбирлари мунтазам олиб борилади. Чунки айрим қўшни давлатларда бу касаллик ҳали тугатилмаган.