Жанубий Корея – пластик жарроҳлик энг кўп оммалашган мамлакат. Бу ҳақда Халқаро пластик жарроҳлик жамияти маълум қилди. Сеулда ўтказилган тадқиқотда аниқланишича, 19-49 ёшли аёлларнинг 20 фоизи пластик жарроҳликни бошидан ўтказган. Кўзни каттароқ қилиб кўрсатадиган юқори қовоқ пластикаси, липопластика (товуш тўлқинлари ёрдамида ёғларни йўқотиш) ва ринопластика энг кўп ўтказиладиган муолажалардир. Мутахассислар пластик жарроҳликнинг тобора оммалашаётганини поп мусиқа саноатининг ривожланишини билан боғлашмоқда. Чунки клиникага келаётган аксар мижозлар эстрада юлдузларига ўхшашни исташади. Дарвоқе, ўтган йили Таълим вазирлиги юқори синф ўқувчилари учун «пластик жарроҳлик хавфи»дан огоҳлантирувчи махсус буклетни чоп этди. Халқаро пластик жарроҳлик жамияти маълумотига кўра, энг кўп пластик жарроҳликдан фойдаланадиган мамлакатлар қаторига Жанубий Кореядан ташқари Греция, Италия, Бразилия, Колумбия, АҚШ, Тайван, Япония, Франция ва Мексика киради.