Бугун Покистон Олий суди бош вазир Юсуф Ризо Гилонийни судга ҳурматсизлик кўрсатганликда айбдор деб топди. Бош вазир суд охиригача рамзий маънода озодликдан маҳрум этилганидан ташқари ҳеч қандай жазо олмади. Суд қарори эълон қилингач, бош вазир қўйиб юборилди. Бундан аввал Юсуф Ризо Гилоний олти ойгача озодликдан маҳрум этилиши тахмин қилинганди. Покистон бош вазири амалдаги президент Осиф Али Зардорийнинг коррупцияга алоқадорлигига оид терговга ёрдам бермагани учун айбдор деб топилди. Хусусан, Гилоний ҳукумати 2008 йилда Швейцариядан Зардорийга нисбатан тўхтатиб қўйилган терговни қайта бошлашни сўрашни истамаган ва буни президентнинг дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги билан изоҳлаган. Зардорий ва унинг марҳум рафиқаси Беназир Бхутто 1990-йилларда 12 миллион долларни ўзлаштирганликда гумон қилинади. 2003 йилда Швейцария суди уларни сиртдан айбдор деб топган.