1986 йилнинг 26 апрелида Чернобил атом электрстанциясининг тўртинчи энергоблокида портлаш содир бўлган эди. Ушбу авария атом энергетикаси тарихидаги энг катта ҳалокат ҳисобланади. Станция атрофидаги 2,6 минг квадрат километр майдон яшаш учун хавфли ҳудуд деб эълон қилинган. Авариядан кейин станция яқинидаги аҳоли пунктларидан 116 минг киши бошқа жойларга кўчирилган. Бугун Украинада Чернобил атом электрстанцияси ҳалокатига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Шунингдек, тўртинчи энергоблок устидаги саркофаг устини ёпиб турувчи янги иншоот қурилиши бошланди. Иншоотнинг баландлиги 105 метр, узунлиги 150, кенглиги эса 260 метрни ташкил этади. 2016 йили ниҳоясига етадиган қурилиш ишларига 935 миллион евро сарфланади. Бу пуллар донор давлатлар томонидан ажратилди. Украинада қабул қилинган давлат дастурига кўра Чернобил атом электр станцияси 2065 йилгача буткул тугатилади.