— У пайтлар жуда ёш эдим,
— деганди бувим ўшанда. —
Айни ғалла ўрими даври эди.
Биз қизлар ҳам қўлимизга
ўроқ олиб буғдойзорга қараб
йўл олардик. Тўрт-бешта қиз
даланинг ўзида тушлик қилар,
дарахтлар соясида дам олар
ва албатта ёнимиздан оқиб
ўтадиган катта сойга тушиб
чўмилардик. Бунинг завқи
бошқача бўлгани учун ҳам
уйга иссиқда тушлик учун
боргимиз келмасди.
— Чўмилаётганда хушёр
бўлинглар. Бирорта йигит
пойлаб юрган бўлмасин!
Шарманда қилиб, юзимни
шувит қилсанг, ўласан!
Бу оналаримизнинг ҳар
кунлик гапи эди. Албатта, биз
ҳам ўзимизга жуда эҳтиёт
эдик. «Кўза кунда эмас, кунида
синади», деганлари рост экан.
Бир куни ҳаммамиз энди сувга
тушган чоғимизда, дарахтлар
орасидан бир шарпанинг
қараб турганини сездим.
— Кимсан? Уялмайсанми,
қизларни пойлашга? Йўқол,
кет! — деб бақирдим.
— Қани? Ким? Қаерда? —
деб қолишди қизлар ҳам.
Шунда ҳалиги шарпа
дарахтлар орасига кириб,
ғойиб бўлди. Сал ўтмай яна у
бизни кузатаётганини сездим.
Энди бақирмоқчи эдим, у қўли
билан оғзини ёпиб, «жим»
деган ишорани қилди.
Шундагина унинг нотаниш
эканлигини пайқадим. Яна…
шу қадар чиройли эдики,
қизлар унинг олдида уялиб
қоларди. Унга маҳлиё бўлиб
тикилиб қолдим. Хушим
жойида эмаслиги туфайли,
тўлқин сойнинг тезоқар
жойига олиб бориб қўйганини
сезмабман. Бир пайт ўзимни
ўнглай олмай қолдим.
Мениоқим ўзи билан олиб кета
бошлади. Шиддат билан оқиб
борардим. Ёрдам сўрашга ҳам
улгурмадим. Сувда қанча
оқдим, билмайман. Аммо
бояги йигит мени қўлларида
кўтариб,сувдан олиб
чиққанида хушим ўзимда эди.
Унинг ҳуснда тенгсиз юзига
термулиб, ўзимдан
кетаётганимни билдим.
— Кўзингни оч! — юзимга
шаппатилаётган дугонамнинг
овозидан ўзимга келдим. —
Юрагимизни ёрдинг!Қандай
чиқдинг сувдан? Оқиб
кетаётгандинг-ку?!Орқангдан
роса югурдик. Бу ерга чиқишга
қандай улгурдинг?
Мен уларнинг саволига
жавоб эмас, атрофга
аланглаб,ҳалиги йигитни
излардим. Уни бошқа
кўрмадим. Билсам, ўша пайтда
дугоналарим ҳам кўрмаган
экан. Шунинг учун бу гапни
ичимда сақладим. Ўша
йигитнинг одам зотидан
эканлигига ишонмайман. Аммо
у ўзи ким, буни ҳам
билмайман. Чунки бу дунёнинг
биз билмаган синоатлари кўп.
Насиба Гулмуродова,
Самарқанд вилояти
ҚИШЛОҚ ЧЕТИДАГИ СИРЛИ
ҚАБР
Қишлоғимиз четида бир
қабр бор. Оқар сувнинг бир
қирғоғидан жой олган…
Айтишларича, бу қабрдаги
киши сувда оқиб келган. Ҳеч
ким суриштириб келмагач, шу
ерга кўмилган экан. Сувга оқиб
ўлгани учунми, бу қабр
эгасини «шаҳид» деб аташади.
Аммо бу воқеа қачон
бўлганидан ҳеч кимнинг
хабари йўқ. Яъни,анча аввал
содир бўлган. Сизларга
айтмоқчи бўлганим, айнан шу
қабр атрофида қизиқарли
воқеалар жуда кўп бўлади.
Қишлоғимиздагилар
болаларига яра-чақа чиқса, шу
қабрга келиб дуо қилишади,
садақа чиқаришади. Кейин эса
тупроғидан ярага суркаса,
тузалиб кетади.
Кечаси эса у ерда
бўладиган ғайриоддий
воқеалар кўпчиликни
эсанкиратиб қўйган. Айримлар,
"Қабрнинг атрофида ёниб
турган чироқларни кўрдим”,
деса,бошқалариоппоқ шарпа
юрганини гапиради.
Энг қизиғи, қабр тепасидаги
олма дарахти қачон экилгани
ҳеч кимга маълум эмас. Лекин
бу серҳосил дарахт ҳали
бирор марта мевасига зор
қилмаган. Бошқа дарахтларни
совуқ урган вақтда ҳам, у
мева берарди.
Хуллас, бу жойни
қишлоғимизнинг эътиқод
қиладиган зиёратгоҳи десам
ҳам бўлади. Яқинда ўзим ҳам
бир сирли ҳодисанинг гувоҳи
бўлдим. Ўртоқларим билан
кечаси қўшни қишлоқда
бўлган тўйдан қайтаётгандик.
Вағир-вуғур қилиб ўша ердан
бепарво ўтиб кетибмиз. Ота-
оналаримиз доим
«шаҳид»нинг ёнидан ўтсанг
дуо қил, салом бер, деб
уқтирарди. Биз эса…
Бир пайт бир ўртоғим
пичирлади:
— Йўлнинг четига
қаранглар. Биз билан бирга
қандайдирёруғлик келяпти.
Ҳаммамиз бирдан
ўгирилдик. Ростдан ҳам биздан
сал нарида, йўлнинг четида
шам ёруғига ўхшаш шуъла
пирпираб турарди.
— Кимсиз? — овоз берди
бир ўртоғим. Кейин эса дарров
деди: — Юринглар, «шаҳид»га
салом бериб, дуо қилиб
қайтайлик.
Унинг айтганини
қилганимиздан кейин ҳалиги
нур йўқолди. Биз эса ҳамон бу
синоатнинг тагига етолмаймиз.
Сардор Абдиқодиров,
Жиззах вилояти
Наргиза УСАНБОЕВА
тайёрлади
ЭЪЛОН!
Ҳурматли мухлис! Сизнинг
ҳам ҳаётингизда шу каби
сирли воқеалар содир бўлган
бўлса, бизга албатта мактуб
йўлланг. Агар сиз антиқа
қобилият эгаси бўлсангиз ҳам
бизга маълум қилинг. Ўзингиз
ҳақингизда тўлиқ маълумот ва
суратингизни қўшиб
юборишни унутманг!