Хиёнат... Этни
жимирлатадиган бу сўзни
эшитганда, ўз оиласининг
юзига "оёқ қўйган” эркаклар
кўз олдимизда кўпроқ
гавдаланади. Аммо...
одамлардаги вафо, садоқат
каби туйғуларнинг "эскириб”,
ўз моҳиятини йўқота
бораётгани туфайлими, нозик
хилқатларнинг ҳам бу
мудҳиш гуноҳга ботаётганига,
афсуски, гувоҳ бўлаяпмиз.
Жамиятимизда эркакларнинг
хиёнати кўп ҳолларда
кечириб кетилади, аммо аёл
хиёнат қилса... Таҳририятга
"хиёнатдан виждоним
қийналаяпти” дея қўнғироқ
қилган аёлларга, тўғриси, нима
дейишни ҳам билмадик.
"Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши
мумкин”дир, бироқ аёл
хиёнатини оқлаш
мумкинмикан?..
Муштарийларимизга
Ўзбекистон халқ артисти
Марям Ихтиёрова жавоб
беради:
— "Суғдиёна”ни турмуш
қурган, оилапарвар
инсонларнинг газетаси деб
биламан. Театримиз олдидаги
газета дўконидаги сотувчи ҳар
ҳафта мен учун бир дона
"Суғдиёна”ни сақлаб қўяди.
Ҳар сонини ўқиб ҳаёт учун
асқотадиган маслаҳат, қизиқ
интервьюларни ўқиб дам
оламан.
«Мен ҳам ўша йўлга
кирдим»
Дилдора, 30 ёш, Бухоро
вилояти:
—
Турмушимга саккиз бўлаяпти.
Эрим билан севишиб, синашиб
турмуш қурганмиз. Уч нафар
қиз фарзандим бор. Олдинига
ҳаммаси яхши эди, бахтли
оилалар қаторида эдик. Энди
эса... Кетма-кет туғилган
қизларим тарбияси билан уйда
ўтириб қолдим. Аслида олий
маълумотлиман. Турмуш
ўртоғимнинг хиёнати
ҳаётимни буткул ўзгартириб
юборди. Бундан тўрт йиллар
аввал у кишининг
ўзгараётганини сеза
бошладим. Олдинга йиғи-сиғи,
ялиниш билан бу йўлдан
қайтармоқчи бўлдим. Афсус,
эрим тавба қилмади. Охир-
оқибат, энг яқин дугонам
билан уларнинг хиёнатига
гувоҳ бўлдим. Ўзимни тутиб
туролмадим, ўртада катта
жанжал чиқди. Эрим ўша куни
ўлгудек қилиб калтаклади.
Анча кунгача ўзимга
келолмадим. Ўзимни
ўнглолмай ётган уч кун ичида
турмуш ўртоғим ва собиқ
дугонамнинг мабодо мен
ўзимга келмасам, машина
уриб юборди дея жиноятдан
қутилиш режаларини ўзаро
маслаҳатлашганини ўз
қулоқларим билан эшитдим-у,
турмуш ўртоғимдан умуман
кўнглим қолди. Турмуш
ўртоғимнинг бу воқеадан
кейин ҳам кўзи очилмади.
Шунда англаб этдимки, эрим
учун мен ҳеч ким эканман.
Номигагина хотин қилиб
ўтирганини айтди. «Агар мен
ҳам сизга хиёнат қилсам чидай
оласизми?» деган саволимга
эса: «Сенга ким ҳам қарарди?»
деб бамайлихотир жавоб
берарди. Бу жавобдан кейин
ўзим учун яшашим керак деб
ўйладимми, алам устидами
ишга кирдим, яхши маош топа
бошладим. Ўзимга қарадим,
кийинишим, ўзимни тутишим
ўзгариб ғам-андуҳларим
тарқади, деганда, бир
шифокор киши билан танишиб
қолдим. Эрим билан
номигагина эр-хотиндек
яшасак ҳам мен у билан
учрашиб юраман. Тўғрисини
айтсам, эримга ҳам,
қизларимга ҳам ёлғон
гапиришдан чарчадим. Қандай
йўл тутишга ҳам бошим
қотган...
Маслаҳат: — 30 ёшда
баъзи қизлар ҳали турмушга
чиқмаган бўлади. Сизнинг уч
нафар фарзандингиз бор,
бунинг устига улар қиз бола
экан. Эрингизнинг
қилмишларини рост айтаётган
бўлсангиз, аёл сифатида унинг
олдида виждонингиз
қийналмас, аммо эртага бўй
чўзиб, бир оиланинг бекаси
бўладиган қизларингизга
ҳозир сиз тутган йўлни қандай
тушунтирасиз? Бу
жараёнларга катта "нуқта”
қўйиш керак. Қизларингиз
кичик бўлса ҳам, эр-хотиннинг
бир-бирига қилаётган
хиёнатини кўриб ўсаяпти.
Бирида нафрат, бирида ҳаёт
шундай бўлар экан-да, деган
тасаввур уйғонишидан
қўрқинг. Мободо йигитнинг
оиласига энди сиз рахна
солишингиз мумкин бўлса,
иккинчи марта турмуш қуриш
фикридан қайтинг. Токи
оилали бўла туриб, турмуш
ўртоғингиз қилган хатони
такрорлашга журъат этган
экансиз, бу ёғи энди ўзингизга
ҳавола...
"Эрим эмас, у мени
қўллайди”
Малика, 28 ёш, Тошкент
шахри
— Олти йил аввал эрга
текканман. Севганимга
узатишмагач, келган
совчиларга розилик берибман.
Эримнинг оиласи моддий
жиҳатдан бироз қийналган
оила экан. Шу йиллар
давомида яхши яшаб
келаётгандик. Икки нафар
қизим бор. Уч йил олдин
ҳовлида кўпчилик бўлиб
кетганимиз учун кредитга уй
олиб, алоҳида чиқдик. Ҳар ой
кредит қарзини тўлаш
муддати етганида, эримга бу
ҳақда айтсам, "Ўзинг ҳаракат
қилавер, уларнинг қурби
етади-ку”, дерди. Акаларим
ёрдам бераман деса, қайнонам
жанжал кўтарарди, "Бир сўм
ўтказса, муттаҳам бўлиб
қоласан” деб. Охири бозорга
чиқдим. У ерда қўшни
дўкондор билан чиқишиб
қолдим. У ҳам оилали, уч
нафар боласи бор. Тинмай
меҳнат қилаётганим, уй пули,
болаларни ўқитиш учун пул
жамғараётганимни кўриб
хотинидан нолийди. Айтишига
қараганда, хотинини моддий
жиҳатдан тўлиқ таъминлаб
қўйгани, оғзидан чиққанини
муҳайё қилаётганига қарамай,
интернетда эркаклар билан
гаплашиб ўтираркан. У мени
ҳар доим ҳам руҳан, ҳам
моддий жиҳатдан қўллаб-
қувватлайди. Орамиздаги
муносабатни ҳеч ким
билмайди, аммо у оиласидан
ажрашиш нияти йўқ. "Сен
билан ўзинг учун, оилам билан
фарзандларим учун яшайман”,
дейди. Нима қилай? Маслаҳат
беринг.
Маслаҳат: — Синглим, сиз
ҳали жуда ёш экансиз. Ҳар
куни олдингизда ширин
гапириб, мақтаб турган
эркакнинг мулозаматлари
ёқар, аммо бу вақтинчалик
кўнгилхушлик. Эрингиз билан
ажрашиш учун унинг пул
топмаслиги ёки оилани
тебратишга қодир бўлмаслиги
сабаб эмас. Буни тўғирлаш,
йўғини тўлдириш мумкин.
Муҳими, у сизни оёқ ости
қилиб хиёнат кўчасига
кирмаган-ку. Сиз эса аёл киши
бўла туриб, қиз
фарзандларингизнинг
келажагини ҳам
ўйламаганингиз мени
таажжубга солди. Ҳадисларни
ҳам бир варақлаб кўрсангиз
бўларкан. Бундай ҳайвоний
ҳирс, нафснинг уволи
норасида гўдакларга ураркан.
Шунинг учун эрта кунда
этагингизни ёпиб, яхшиси,
фарзандларингизнинг отасини
тўғри йўлга солиш, биргаликда
болаларни тарбиялаш учун
бор кучингизни бағишланг.
Оила, бу — кичик давлат,
унинг ҳам ўзига яраша
сиёсати бўлиши керак.
Эрингиздан қўлингиз
баландлигини ҳар қадамда
исботлаш, унга буни уқтириб
қўйиш учун қилаётган
ҳаракатларингизни оқлаб
бўлмайди. Бироз ён беринг.
Ўрни келганида
фарзандларингиз ҳаққи
ҳурмати сабр қилинг. Ишланг,
оилани таъминланг, аммо
хиёнат кўчасига ортиқ бош
суқманг. Вазиятни очиқ кўз
билан баҳолаганда, сизнинг
бундай юришингиз
енгилтаклик, ҳою ҳавасдан
бошқаси эмас.
"Қўшни хотин ёмон
чиқди”
Дилноза, 27 ёш, Тошкент
вилояти:
— Турмуш ўртоғим билан
совчилар орқали
топишганмиз. Бир нафар
фарзандимиз бор. Кўп
бўлмади, эрим қўшни
ҳамшира аёл билан дон
олишганини сезиб қолдим.
Унинг эри таксичилик қилади,
озроқ ичкиликка берилган.
Бир-икки эримга дори ўтказиш
баҳонасида муносабатлари
яхшиланиб кетган шекилли.
Эримга хиёнатини исботлаб
берганимдан кейин ортиқ у
билан гаплашмайман, деб
қасам ичди. Қайнонамга ва
ўша аёлнинг эрига бу гапларни
айтсаммикан ё индамаганим
маъқулми? Эрим хиёнатини
такрорласа-чи? Нега ҳамшира
қўрқмай-нетмай ўз эрига
хиёнат қилаяпти? Бор гапни
айтсам, муносабатларининг
қарор топтиришга ўзим йўл
қўйиб бермасмиканман? Шуни
ўйлаб ўйимга етолмаяпман...
Маслаҳат: — Ўзингиз ёш
бўлишингизга қарамай жуда
мулоҳазакор аёл экансиз. Ўз
ҳиссиётларингизни жиловлаб,
мақсад сари эҳтиёткорлик
қилаётганингиз таҳсинга
лойиқ. Аммо бу ҳақиқатни ўз
вақтида қайнонангизга ҳам
маслаҳат қилиб кўринг,
фикрини инобатга олинг.
Ҳаётни кўрган, тушунган аёл
бўлса, ҳар қанча она бўлса-да,
ўғлини хиёнат ботқоғидан
сақлаб қолишда сизга ёрдам
беради. Эрингизнинг озгина
виждони уйғонса, фарзанди ва
оиласи, қолаверса ўзининг
обрўсини ўйласа, ортиқ
хиёнаткорлик қилмас.
Шаҳноза АБДУКАРИМОВА
ёзиб олди
Манба: darakchi.uz