Bosh sahifa » 2012»Sentyabr»1 » Тошкентда Мустақиллик байрамининг 21 йиллигига бағишланган асосий байрам тантанаси бўлиб ўтди
21:47
Тошкентда Мустақиллик байрамининг 21 йиллигига бағишланган асосий байрам тантанаси бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги
Ўзбекистон Миллий боғида
Ўзбекистон Республикаси
давлат мустақиллигининг 21
йиллигига бағишланган
байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Халқимиз Ватанимиз давлат
мустақиллигининг йигирма
бир йиллигини катта
кўтаринкилик билан байрам
қилмоқда. Бу буюк сана
юртдошларимиз қалбига
бемисл фахр-ифтихор, сурур
бағишлайди. Жорий йилда энг
улуғ, энг азиз айёмимиз
мамлакатимиз бўйлаб
“Тақдиримсан, бахтимсан,
эркин ва обод Ватан” деган
эзгу ғоя асосида
нишонланмоқда.
Матн: Олим Тўрақулов (ЎзА)
Фото: Сарвар Ўрмонов, Аъло
Абдуллаев (ЎзА),
2012-йил, 31 август. Алишер
Навоий номидаги Ўзбекистон
Миллий боғи ҳар қачонгидан
гўзал, шукуҳли, салобатли.
Миллий боғ, унга туташ
майдон ва хиёбонлар, йўллар
ва бинолар байрамона
либосда. Улар юртимиз
мустақиллигининг йигирма
бир йиллиги, эркин ва обод
Ватанимизни шарафлайдиган
ҳамда Мустаҳкам оила йилига
бағишланган бадиий паннолар
билан безатилган.
Давлатимизнинг мағрур
ҳилпираётган байроғи ранго-
ранг чироқлар ёғдусига
безанган ям-яшил арчалар,
мажнунтоллар билан
уйғунлашиб атрофга ажиб
тароват таратади, дилларга
масрурлик бахш этади.
Кўчаларни тўлдирган одамлар
оқими минглаб чироқлар
нуридан шуълаланаётган
рамзий миноралар салобат
тўкиб турган муаззам майдон
томон ошиқади.
Бу ерга Олий Мажлис Сенати
аъзолари, Қонунчилик
палатаси депутатлари,
ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон
Қаҳрамонлари, фан ва
маданият, адабиёт ва санъат
намояндалари, ишлаб
чиқариш илғорлари,
тадбиркорлар, жамоат
ташкилотлари вакиллари,
мамлакатимизда фаолият
юритаётган хорижий
давлатлар элчихоналари,
халқаро ташкилотлар
ваколатхоналари вакиллари
ташриф буюрган.
Байрам тантанасида ҳозир
бўлганлар Ўзбекистон
Республикаси Президенти
Ислом Каримовни қарсаклар
билан кутиб оладилар.
Давлатимиз раҳбари
мустақиллигимизнинг йигирма
бир йиллиги билан бутун
халқимизни муборакбод этди.
Майдоннинг икки томонига
ўрнатилган йирик экранларда
мадҳиямиз садоларига
ҳамоҳанг мустақил
Ўзбекистоннинг зафарли
одимлари, истиқлол
йилларида бунёд этилган
улкан иншоотлар, амалга
оширилган йирик лойиҳалар,
тобора чирой очиб бораётган
шаҳар ва қишлоқларимиз,
Ватанимиз тараққиёти ва
халқимиз фаровонлиги
йўлида самарали меҳнат
қилаётган фидойи
юртдошларимизнинг ҳаёти,
мамлакатимиз ёшларининг
турли соҳаларда эришаётган
ютуқларини акс эттирувчи
видеотасвирлар намойиш
этилади.
“Истиқлол очган хазина”.
Байрам дастурининг ушбу
бўлими “Ўзбекистонда”
қўшиғи билан бошланади.
Ватанимизнинг мафтункор
таровати, азалий шону
шуҳрати баланд оҳангларда
куйланган мазкур ашула гўё
тантана иштирокчилари, бутун
халқимиз қалбидаги,
юрагидаги туйғуларни ифода
этгандек бўлади.
…Майдонга бахти кулган
болаларимиз кириб келади –
атрофни уларнинг шўх-шодон
қийқириқлари тутиб кетади.
Бу дунёда бола қийқириғидан
кўра жозибалироқ овоз
борми?! Болалар яйраса,
кўнгил яйрайди, болалар
кулганда, олам кулади. “Янги
авлод”, “Томоша”, “Тантана”,
“Севинч”, “Ором” болалар
бадиий жамоалари ижросида
ўғил-қизларимизнинг орзу-
интилишлари, шўхлик ва
эркаликлари, болаликнинг
беғубор оламини ифода
этадиган куй-қўшиқ ва
рақслар намойиш этилади.
Озод диёримизда ҳеч кимдан
кам бўлмай вояга етаётган,
тараққий топган
давлатлардаги тенгдошлари
билан ҳар томонлама
беллашувга тайёр баркамол
авлод, улар эришаётган улкан
муваффақиятлар тараннум
этилган ашула ва рақслардан
диллар яйрайди…
....Боғу бўстонимиз эгалари
ижросида мамлакатимизда
жамиятнинг асосий бўғини
бўлмиш оила мустаҳкамлиги,
унга кўрсатилаётган юксак
эътибор ва ғамхўрлик
тўғрисида “Мустаҳкам оила”
қўшиғи янграйди…
Байрам томошаси дастуридан
ўрин олган “Она тимсолида
азиздир Ватан!” бадиий
композициясида бу маъно-
мазмун чуқур ифодалаб
берилади.
Юртимиздаги тинчлик-
осойишталик, миллатлар
ўртасидаги дўстлик ва
ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат
ҳамда меҳр-оқибат муҳити
мамлакатимизнинг сиёсий,
ижтимоий-иқтисодий,
маънавий-маърифий
тараққиётида мустаҳкам
пойдевор бўлмоқда.
...Майдонга ҳарбий мусиқа
садолари остида озод
Ватанимизнинг мустаҳкам
қалқонлари бўлган
ҳарбийларимиз кириб
келади…
…Байрам тантанаси янада
қизийди: эркин ва обод
Ватанни мадҳ этувчи
қўшиқлар ва рақсларда обод
Ватанда яшаш завқи, ёш авлод
қалби ва тафаккурида жўш
ураётган бунёдкорлик
иштиёқи, шу заминда туғилиб
камол топиш бахтидан
масрурлик ҳислари жўш
уради…
Самога сочилган ранг-баранг
мушаклар қалблардаги ғурур
ва ҳаяжон туйғуларини
тоширади.
- Мустақиллик байраминг
муборак бўлсин, жонажон
Ўзбекистоним!
– Тақдиримсан, бахтимсан,
эркин ва обод Ватан!