Гулноранинг 31-август куни
қилган иши мен қатори кўплаб
ҳамкасбларимни ҳайратга
солган бўлса ажабмас.
Назаримда, у журналист
қандай тезкор ишлаши
борасида яхшигина дарс
ўтказди. Миллий боғда
ўтказилган
Мустақиллигимизнинг 21
йиллик тантанасида иштирок
этган Каримова интернетда
байрам таассуротларини
тўғридан-тўғри ёритиб борди.
Фотосуратлар ва эксклюзив
мулоҳазалар билан. Мустақил
ижодкорлик мана бундай
бўлибди! Ижтимоий даражаси
ва мавқеини бир ёнга суриб,
оддий томошабин сифатида
байрам дастурини фотосуратга
муҳрлади ва твиттердаги
саҳифасидаги
фойдаланувчилар билан
ўртоқлашди. Ўз одил
фикрларини ҳар бир сурат
остида баён қилди. Саволлар
ва унга билдирилган бошқа
ўқувчилар фикрлари билан
танишиб, фидбэк билдирди.
Зиёданинг чиқиши манзур
бўлгани, Жаҳонгир
Позилжоновнинг саҳнада
“етишмагани” (бироқ, янги
стадион очилишида унинг
югуриб хизмат қилганини),
Ҳосиланинг эркакларга хос
шижоат билан даврани
қиздирганию Абдулла
Шомағруповнинг ҳар
доимгидай навқиронлиги,
мушакбозликнинг ёрқинлиги
ва президент рақсигача изоҳ
берди. Ҳатто сатирага бой
танқидлар ҳам билдирди.
Гулнора Каримова
характеридаги очиқлик,
эркинлик, жасурлик ҳамиша
қойил қолдириб келган. У ўз
фикрларини бўямасдан
билдириши эса
журналистларга, умуман
барча ёшларга ўрнак
бўладиган даражада диққатга
молик. Бугунги замон
фуқароси мана шундай эркин
фикрлаб, ўзининг
ижодкорлиги ва
имкониятларини тўкис намоён
этишга интилаверар экан,
жамиятда мустақил
ривожланиш суръати ортиб
бораверади. У куйлашда, мода
оламида, ижтимоий ҳаётнинг
кўплаб соҳаларидаги
фаолликда, спортда...ва яна
ўнлаб йўналишлашларда
маҳоратини кўрасата олди.
Мана энди журналистикада
ҳам! Шунданми, ҳаётни
ўзгартира олаётган кенг
қиррали аёлнинг ишларига
ҳавас қилаётганлар сони
ортиб бораётгани бежизга
эмас. Олға, Гулнора!
ДАРВОҚЕ...
21 йил ичида ҳали ҳеч ким
байрамни бундай тезкор
ёритган эмас.
Фотосуратчилари ва
журналистлари майдонда
турган UZA агентлигию бошқа
ОАВлари
ходимларигача...Демак, тезкор
ва объектив ишласа бўлади.
Фақат ўзимизда интилиш ва
ғайрат етишмайди. Айрим
пайтда журъат ҳам. Мустақил
мамлакатнинг мустақил
журналистларига қандай
ишлаш кераклигини эслатиб
қўйгани учун ҳам воқеа
қаҳрамонига миннатдорчилик
билдирамиз.
P/S: Байрамни томоша
қилганлар учун энг шов-
шувли воқеа айнан шуниси
бўлди десак, муболаға бўлмас.
Зангори экранга тикилганлар
бир неча сонияларда кўринган
Гулнорани муҳрлашга
ошиқди. Улардан бири
таниқли бошловчи Даврон
Кабулов. Ҳайрати ичига
сиғмаган Даврон уйида ўз
телефонига муҳрлаган
фотосуратни дўстлари билан
бўлишди.