iPhone 5 илк уч кун сотилиши бўйича Уолл- стрит таҳлилчиларининг ўтган ҳафта қилган башоратлари амалга ошмади. Мутахассислар iPhone5 янги модели 6-8 миллион нусхада сотилишини кутган эдилар.
Apple компаниясининг хабар беришича, iPhone 5 илк дам олиш кунларида 5 миллион нусхада сотилган бўлиб, бу iPhone 4S сотилиш кўрсаткичидан бор-йўғи 1 миллионга кўп. Таҳлилчилар янги айфон iPhone 4Sдан икки баравар кўпроқ сотилишини башорат қилган эдилар. Сабаби iPhone 5 бир йўла 9 мамлакатда сотила бошлаган, аввалги айфонлар эса етти мамлакатда сотилган эди. Apple акциялари эгалари бундай кўрсаткични жуда асабий ҳолда қабул қилди. Айфон савдолари бошланиши билан компания акцияларининг қиймати илк дақиқаларда икки фоизга тушиб кетди. Энг қизиғи, iPhone 4S илк дам олиш кунларида iPhone 4 дан 135% га кўпроқ сотилган бўлса, iPhone 5 нинг сотилиш даражаси илгариги моделдан бор-йўғи 25% кўпроқ кўрсаткични қайд этди.