Бу тафсилотларни биз билан ўртоқлашган ëш ўзбек киночиси Аюб Шаҳобиддиновга кўра, кинофорум муаллифлик кинолари намойишига катта эътибор берадиган зарур анжуманга айланган.
Гулнора - кинофорум тимсоли Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзи қурдиргани иддао қилинган City Makon маданий-кўнгилочар мажмуасида ўтаëтган Кинофорум очилишида қатнашди.
Бу кеча ҳақида ëзган Ўзбекистондаги кўнгилочар "Саййод” нашрига кўра, Гулнора Каримова кинофорумдаги "юқори дид, оригинал ва кечанинг тимсолий образи!”дир.
"Китч” ëҳуд бачкана муҳит Ўтган йилги "Олтин гепард” кинофорумида очилишида иштирок этган киномунаққид Андрей Плахов бу тадбирнинг сунъий дабдаба ва бачкана руҳда ўтганини айтди:
- Бошқа фестивалларда кўринган китч унсурлари Тошкентда бўртиб кўринди. Китч бўлгани билан, бу тадбир кино учун зарур бўлган бадиий маъно билан тўлса яхши бўлар эди,- дейди Плахов.
"Олтин гепард” кинофорумида иштирок этаëтган киночи Аюб Шаҳобиддонов назарида "китч” ëки бачкана ялтироқлик тижорий нуқтаи назардан ўзини оқлаган:
- Фестивални ўтказиш давомида балким ўша "китч”, қанақадир реклама характери керакдир. Популяр (машҳур-таҳр) одамларни чет элдан чақиртириб эътиборни жалб қилиш керакдир деб ўйлайман,- дейди тадбир иштирокчиси.
5 октябрга қадар давом этиши айтилган "Олтин гепард” Халқаро кинофоруми бу йил иккинчи бор ўтказилмоқда.
"Олтин гепард” Тошкент Халқаро кинофорумида жами 473, жумладан, 157 та тўлиқ метражли бадиий филм, 230 та қисқа метражли ҳамда 86 та анимацион филм ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.
Ҳакамлар ҳайъатига британиялик таниқли режиссер, Британия кино ва телевидение академияси директори, Европа киноакадемияси раиси ўринбосари Ник Пауэлл раислик қилади.
Танловга киритилган намойишлар Ёшлар ижод саройида, "Premier-Hall” кинотеатрида ва "City Makon" маданий-маърифий кўнгилочар марказида, танловдан ташқари намойиш ва тадбирлар Алишер Навоий номидаги санъат саройи, Маданият ва санъат институти биносида бўлиб ўтмоқда.
Тарихга кўмилган Тошкент кинофестивали Шу ўринда Тошкент кинофестивалини эслаш жоиз.
Осиë, Африка ва Лотин Америкаси киночилари иштирокидаги Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан бошлаб 1988 йилгача ўтказиб келинган.
"Тинчлик, ижтимоий тараққиëт ва халқлар озодлиги учун” деган шиор остида ўтган бу кинофестивал 100га яқин мамлакатдан келган киночилар анжумани сифатида кўрилган эди.
Бу кинофестивалда Раж Капур каби ҳинд киноси дарғалари иштирок этиб ўз асарларини намойиш қилишган. Фестивал сўл кўз қарашда бўлган зиëлилар учун минбар бўлгани боис Азиз Несин каби ўз юртида қувғин қилинган ëзувчиларни тез-тез таклиф қилинган.
Горбачев ҳуррияти даврига келиб коммунистик мафкура сусайиши билан бу фестивалга барҳам берилди.
Тошкент кинофестивали 20 йил мобайнида 10 маротаба ўтказилиб тарихдан ўрин олди.
Москвада самарали тижорат билан шуғулланган Тошпўлат Тожиддинов 1990 йили Тошкент кинофестивалини тирилтиришга уринган эди.
Тошпўлат Тожиддиновнинг ўлими Тошкент кинофестивалини қайта ташкил қилиш режасига ҳалақит берди.