Ушбу саҳифа кимнингдир нафратини, бошқанинг ғазабини келтириши мумкин. Лекин айримларга сабоқ бўлиши ҳам бор гап. Шундай экан, рукн учун келган илк мактубни эътиборингизга ҳавола этамиз...
Мен бу хатни ёзсамми, йўқми, деб жуда ўйландим. Охири ёзишга қарор қилдим. Сабаби, кимдир бундан ўзига сабоқ олар, балки, яхшилар менга маслаҳат берар...
Турмушга чиққанимга олти йил бўлди. Бир-биримизни ёқтириб оила қурганмиз. Иккита ўғлимиз бор. Оиламиз ҳавас қилгулик эди. Қайнонам билан ҳар доим ҳам чиқишавермасам-да, менинг ёнимни олиб чарчамасди.
Турмуш ўртоғим уста. Қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Болаларини жонидан ортиқ яхши кўради. Сабрли, меҳнаткаш, босиқ, энг муҳими Худодан қўрқади. Афсуски, ана шундай бебаҳо турмуш ўртоғимни ҳаётимиз давомида ўзим ёмон томонга ўзгартирдим. Тўғри, ичмайди, чекмайди. Аммо муносабатимиз...
Буни тушунишингиз учун бошидан айтиб бера қолай. Эрим чет давлатга ишлагани кетди. Мен эса уйда фарзанд тарбияси билан шуғулланаман. Бу ҳар куни қайнона билан бирга ўтириш дегани. Ёшлигим сабаб у кишининг феъл-атваорига чидай олмай тоғамникига бориб яшай бошладим. Чунки менинг тўйимдан кейин ота-онам хорижга кўчиб кетишганди. Очиғи, эрим у ёқда, биз бу ёқда қийналдик. Сиқилиб кетганимдан интернетга кирадиган одат чиқардим. У ерда бегоналар билан танишиб гаплаша бошладим. Бора-бора телефон орқали ҳам гаплаша бошладик. Кўза кунда эмас, кунида синаркан. Менинг бу қилмишим эрим ва ота-онамнинг қулоғига етиб борди.
Эрим эса дарров етиб келди. Бизни уйимизга олиб кетди. Қайнонам табиатига кўра илиқ қарши олди. Яна аввалгидек яшай бошладик. Кунларнинг бирида эрим сўраб қолди:
- Ростини айт менга хиёнат қилганмисан?
Мен гапни бурдим.
У эса ёрилди:
- Хорижда юрганимда сенга хиёнат қилганман. Албатта, бундан пушаймонман. Жазосидан қўрқаман... Мени кечир. Худойим ҳам шу гуноҳимни кечирса эди...
Эримнинг бу гапи жону танимдан ўтиб кетди. Йўқ, хиёнат қилгани эмас. Эркак бўла туриб қилмишидан надоматда эканлиги...
Қийнала бошладим. Виждон азоби қалбимни тимдалай бошлади. Хиёнатим кечирилмаслигини билиб айтишга қўрқардим. Аммо ортиқ чидай олмаслигимни тушундим. Юрак ютиб унга ҳаммасини айтдим.
Ишонсангиз, энг босиқ эркак ҳам хиёнат олдида ўзини босиб тура олмаскан. Эримнинг ҳам кўзларига қонга тўлди. Мени урди, сўкди, бақирди. Аламидан чиққунича ҳақорат қилди. Афсуски, минг афсуски, шу билан юрагидаги доғ ювилмади. Мени кечира олмади. Сўнг кутилмаганда менинг ундан яшириб юрган бошқа телефоним борлигини билиб қолди. Шармандаликни қарангки, ўша одам билан учрашди ҳам.
Ўша дамда мен эримни севишимни, жуда қаттиқ яхши кўришимни англадим. Йиғлаб, ёлвориб кечирим сўрадим.
Мана, бу воқеага ҳам ойлар бўлди. Аммо эримнинг юраги илимади. Мени кўргани кўзи йўқ. Мен эса унинг асл ҳолига қайтишини, аввалгидек бўлишини истайман. Лекин у...
Яқинда ота-онам ҳам хориждан қайтди. Улар билан ҳам муносабатим яхши эмас. Устига-устак эрим жаҳл устида шарт қўйди:
- Агар ўшанда улар менга қарз бериб туришганида сени ўзим билан олиб кетган бўлардим. Бунақа ишлар бўлмасди. Ўз боласидан бор пулини қизғанди. Мен бунақа ота-онанинг уйимга келишини истамайман!
Назаримда, эрим ҳақ эди. Мана энди ота-онам ҳам уйга келмайди. Турмуш ўртоғим эса ўша-ўша. Гоҳо пичинг қилиб, жанжал кўтаради. Ялиниб-ёлвориб ғазабини босаман. Баъзан бу аҳволда яшаб бўлармикан, ажрашсаммикан, дейман. Бироқ болаларимни ўйлаб...
Insof bersin sizga Alloh, maslahat berishga aqlim kaltalik qildi chunki shu yoshimgacha ayol eriga hiyonat qilganini hech eshitmagan ekanman qolaversa siz turmush o'rtogingizni hech qachon sevmagan ekansiz, sevgan inson begona erkak bn hech qachon gaplashmaydi, tanishmaydi...... Turmush o'rtogizga esa qoil qolmadim shuncha voqeadan keyin ham sizni hotin qilib olib yurganiga hayronman, qanday erkak ekan u hotini o'z tili bn tan olib aytsayu hiyonatini yana hotin qilib olib yurgan erkakni erkak emas turshe deymiza......
Erkakniki turib qolsa yoki bola tugdirib qo'ysa erkak bo'lib qolavermaydi, erkak deganni haqiqiy erkaklik "GURURI"bo'lishi kerak va shart........ Insof bersin Allohim o'zi hidoyat etsin barchamizni....OMIN!