Жанубий Кореянинг илк аёл президенти қасамёд қилди
$IMAGE1$ 2012 йил декабрь ойида Жанубий Кореяда ўтказилган президентлик сайловида илк марта аёл номзод ғолиб чиққан эди. Мамлакатнинг биринчи аёл президенти номига мушарраф бўлган Пак Кин Хе 25 феврал куни қасамёд қабул қилди. Маросимда 70 минг киши иштирок этди. Тадбир Сеулдаги марказий Еийдо районида жойлашган миллий кенгаш биноси олдидаги майдонда бўлиб ўтди. Омма олдида нутқ сўзлар экан Пак Кин Хе Жанубий Корея халқини бахтли қилишга ва маданиятни ривожлантиришга ваъда берди. Қолаверса у қўшни Шимолий Кореяни ҳар қандай ядро режалардан воз кечиб, тинчлик ва ҳамкорлик йўли билан иш олиб боришга чақирди. Янги раҳбар Сеулнинг Шимолий Корея билан музокаралар олиб боришга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек у, мамлакатга отаси раҳбарлик қилган даврда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ барча ҳолатлар учун узр сўради. Эслатиб ўтамиз, Пак Кин Хе марҳум собиқ давлат бошлиғи Пак Чон Хиннинг қизи бўлиб, унинг отаси 1961 - 1979 йилларда Жанубий Корея президенти бўлган.