Ҳаё, уят, андиша сингари фазилатлар минг йиллардан бери халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
"Уят ўлдимдан қаттиқ”, Эро йигитнинг уялгани – ўлгани”, "Ҳиёсиздан вафо йўқ, вафосизда ҳаё йўқ” сингари ибратли нақллар ҳам бежиз айтилмаган. Бироқ, бугунги кунда глобаллашув, оммавий маданият сингари тушунчалар ҳаётимизга илдам кириб келди. Интернет, уяли телефон, ижтимоий тармоқлар эса, беҳаёлик, шармандалик, фаҳш сингари иллатларнинг ёйилишида катта ўрин тутмоқда..
"УЯЛИ ПОРНОГРАФИЯ”
Бугунги кунда уяли телефон орқали шахсни бадном қилувчи беҳаё тасвирларнинг тарқалиб бораётгани ҳам дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда. Тадқиқотлар шахсни бадном қилувчи ёки жинсий эркинликка қаратилган ҳуқуқбузарликлар кўпинча телефон орқали содир этилаётганини кўрсатмоқда.
Маълумотларга қараганда, уяли телефон орқали порнографик фильмларни тайёрлаш ва тарқатиш энг тез ривожланаётган бизнес турига айланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда уяли алоқа воситалари орқали порнографик маҳсулотлар тарқатиш ҳисобига дунё миқёсида ҳар йили 2 млрд. АҚШ доллари атрофида даромад кўрилган.
Ҳозирда юртимизда ҳам уяли алоқа абонентлари сони салкам 20 миллионга етди. Бу яхши албатта. Бироқ замон, шароит, уяли алоқа хизматидан фойдаланувчи ҳар бир кишининг мобил телефондан фойдаланиш одоби, қонун-қоидасини билиши ва унга амал қилиши зарурлигини тақозо этмоқда. Тўғри, истаган киши қўл телефонидан эркин фойдаланиши мумкин, аммо бу бошқаларнинг шахсий дахлсизлигига тажовуз қилиши керак, дегани эмас.
ПОРНОГРАФИЯ НИМА?
Остготу вестготларнинг ойболталари ёхуд ҳуннларнинг узун камон ўқлари ва бошқа ваҳший(варвар)ларнинг ҳамлалари тиз чўктира олмаган, аммо бузуқлик туфайли тобора таназзулга юз тутиб бораётган Римда Цезарь Тибериус ўз нафсини қондириш учун Миср папирусларига чизилган шаҳвоний расмларни сотиб оларди. Бу порнографиянинг дастлабки маҳсуллари эди. Бугун эса барчаси ўзгарган...
ЖАЗО
Ўтган асрнинг бошларидан халқаро миқёсда порнографик маҳсулотларга қарши кураш бўйича қонунлар кучга кира бошлаганди.
Жумладан: Хитойда порнографик маҳсулотларни нафақат Интернет, балки телефон орқали тайёрлаш ҳамда тарқатганлик учун умрбод қамоқ жазоси, Австралияда порнографик сайтлар аниқланса, уларнинг ҳар кунлик фаолияти учун 55 минг доллар жарима, Малайзия қонунларида эса, ҳаёсиз тасвирларни тарқатган шахсларга нисбатан 5 йиллик қамоқ жазоси ҳамда 13 минг АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланган. Арманистон, АҚШ, Беларусь, Германия, Грузия, Жанубий Корея, Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Украина, Эстония, Япония давлатларининг қонунчилиги таҳлили ҳам шуни кўрсатадики, уларда порнографик маҳсулотлар муомаласи учун жуда қаттиқ жавобгарлик бор.
Шунга қарамай, айрим нопок кимсалар томонидан порнографик маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш ҳолларининг учраётгани ачинарли ҳолдир.
ФАКТ
...Америка Қўшма Штатлари Федерал суди Хоултон шаҳрида яшовчи Жошуа Данстонни мобил телефонида порнографик фильм сақлагани учун айбдор деб топди. 27 ёшли ушбу шахс АҚШда порнографик фильмни ўз телефонига кўчириб олгани учун жазоланган илк фуқаро бўлди...
ЎЗБЕКИСТОНДА
1991 йилда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Қонун юртимизда ёшлар масаласига мустақилликнинг илк кунлариданоқ алоҳида эътибор берилганидан далолатдир. Шунингдек, контрафакт маҳсулотларни олиб кириш ва чиқиш ҳамда мамлакатимиз ҳудудида тарқатилишига йўл қўймаслик учун етарли даражада қонунчилик асоси таъминланган. Бу соҳада қатор махсус давлат идоралари сергак ишлашмоқда. Халқаро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, ривож топмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2012 йил 12 апрел куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни Ўзбекистонда порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш учун курашни янада кучайтиришга қаратилган. Унга кўра, порнография, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотларни тарқатиш учун энг кам иш ҳақининг 400 дан 600 баробаригача жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, 6 ойлик ҳибсга олиш ёки 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
ВИРТУАЛ ХИЁНАТЛАР
Биргина интернетдаги ахлоқсизликлар сабабли, кўплаб оилалардаги нормал муносабатлар изидан чиққан. Интернетга боғланиш имкони бор ҳар бир киши, тилига истаганича эрк бериши, истаган нарсасига кўз югуртириши, истаганини ёзиши мумкин. Уни на бир назоратчи, на бир ҳад-чегара тўхтата олади.
Бугунги кунда урфга айланаётган интернет-танишувларнинг ҳам ижобий хусусиятларини рад этмаган ҳолда, айримлар учун унинг салбий оқибатларидан ҳам шунчаки кўз юмиб бўлмайди. Кимнингдир эри ёки хотини бегоналар билан ижтимоий тармоқлар, форумлар орқали танишиб, учрашиб юрганлиги туфайли туппа-тузук оилаларнинг бузилиб кетаётганлиги ҳақидаги ҳикояларни эшитяпмиз...
ҚЎҒИРЧОҚНИНГ КУНИ БИТДИМИ?!
Бугун телеканалларимизда "айланаётган” айрим клип, реклама ва сериалларнинг ҳам салбий оқибатлари хусусида кўп ва хўп гапирилди. Яна бир очиқ гапки, бўй етиб қолган қизларимизнинг ибо-ҳаёси, кийиниш маданияти-ю, ўзларини тутиши тўғрисида ҳам фақат эринчоқ одамгина ёзмади ёки нимадир айтмади. Илгари кўп ўйинлар бўларди. Болаларимиз кўчадан бери келмасди. Қизалоқларимизнинг қўлида қўғирчоқ... Бугун-чи?! Улар биз билан теппа-тенг ўтириб, ёшига мос келса-келмаса, биз кўраётган "саҳна”ларни бемалол томоша қилишяпти. Болам нимани тушунарди, деб хотиржам ўтирамиз. Аммо, улар зимдан бир-бирига кўз уриштиришиб пиқир-пиқир кулишади. Афсус... бизнинг "аҳмоқлигимиз” устиданми ё ўзларининг ўта ақлли бўлиб кетаётганликларидан кулишяптими, билолмайсиз. Ёки энди ўйинлару, қўғирчоқлар ҳеч маъно касб этмаяптими?! Наҳотки, бу сизга табиий ҳолдек кўринса...
БУЗУҚЛИК КАСОФАТИ
Европада миллионлаб аёллар оила қуриш, фарзанд туғиб-тарбиялаш деган тушунчаларни аллақачон унутган. Англия марказий статистика бюросининг маърузасига кўра, мамлакатдаги ҳар юз нафар чақалоқдан йигирма учтаси никоҳсиз, зинодан дунёга келган.
Британияда оила қурганларнинг учдан бири тезда ажралади. Францияда ўтказилган сўровга кўра, ўқувчи қизларнинг 48 фоизи никоҳсиз туғишни айб санамайди. Тайландда бир миллион аёл фоҳишабозлик билан машғул. Қўйди-чиқдилар, ўз жонига қасд қилишлар, етим болалар сони бўйича ҳам «эркин дунё» ҳаммадан олдинда.
СЎНГСЎЗ
Тўғри, "қўрққан олдин мушт кўтарар” деганларидек, жазавага тушиб, бақир-чақир қилиш ожизларнинг иши. Лекин, юқорида айтганларимизнинг ҳаммасини ҳам жимгина томоша қилиб бўлмаяпти-да. Ҳозир ҳеч бўлмаса, ортимиздан улғайиб келаётган фарзандларимизнинг тарбияси билан шуғулланиб, уларда ахборотни саралаш, кераксиз маълумотлар ва беҳаё фильмлардан ўз ихтиёри билан воз кеча олиш кўникмасини шакллантиришга жиддий эътибор беришимиз лозим. Чунки, фарзанд тарбияси ўзбек оиласида ҳамиша биринчи ўринга қўйиб келинган. Унутманг: улар сизу биздан ибрат олишади.