Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди
Ўша йили қишлоқда сабабсиз ўлим кўпайган эди. Одамлар йўлда кета туриб ёки чой ичаётиб жон таслим қилар, қишлоқ шифохонаси беморларга тўлиб кетганди.
Текшириб кўрилган беморларда аниқланган касаллик дифтирея (бўғма) касаллиги эди. Касаллик ўчоғи ҳам аниқланди: ўша пайтда Обизаранг дарёсининг ҳаддан ташқари ифлосланиши сув орқали шу касалликнинг тарқалишига олиб келганди.
Соғлом одамлар ҳам, касалликни юқтириб олганлар ҳам ёппасига эмланиб, ниҳоят, эпидемия оқибатлари секин-аста бартараф этила бошланди. Бироқ, қурбонлар сони кўпчиликни ташкил этар, улар орасида қўшнимиз Сарвиноз опанинг бўлажак турмуш ўртоғи Аъзам ака ҳам бор эди.
У ҳам ана шу ғалати касалликка чалинганми, ҳар қалай велосипедда кетаётиб, катта йўл ёқасида омонатини топширган. Аъзам амакининг маъракалари ўтгач, Сарвиноз опани ҳамма "жинни” деб атай бошлади. Чунки, Сарвиноз опа ва Аъзам ака бир-бирларини севишган, бу ҳақида бутун қишлоқ биларди. Сарвиноз опа эса анча пайт ўзига келолмай юрди, бошидан оқ рўмолни ташламади.
Гоҳо кўчада уни кўриб қолсам, "сал четроқдан юр, ҳозир уни босиб оласан”, дерди. Нимани айтаётганини тушунмай, ҳайрон бўлардим. Кунларнинг бирида уларникига сут сўраб кирган эдим, Сарвиноз опа мени чақириб қолди.
"Аъзам акам ҳар доим ёнимда, оппоқ илонга айланиб, мени қўриқлаб юради!” - деди.
Кейин онаси - Ойниса хола менга бераётган сут солинган банкани қўлимдан олиб, ерга қўйди. Банканинг қопқоғи очиқ эди. У банкани ерга қўйди. Анча пайтдан сўнг уйнинг бурчагидаги туйнукдан оппоқ илон ўрмалаб биз тарафга кела бошлади. У оҳиста ўрмалаб келди-да, банкага бошини суқиб, ичишга тушди. Кўз ўнгимда банкадаги сут яримлади.
Орадан бир йилга яқин вақт ўтгач, Сарвиноз опанинг аҳволига қишлоқдошлар кўникиб кетишди. Одатда, унаштирилгач ёки тўйдан кейин куёв тез орада вафот этса, қишлоқ жойларда келинни "шумқадам” деб ирим қилгувчилар кўп бўлади. Шу сабаб, онда-сонда Сарвиноз опани сўраб келганлар ҳам ё уйланиб ажрашган, ё аёли вафот этган бўларди.
Бу "харидор”лардан фарқли равишда қўшни қишлоқлик Адиба хола деган аёл Сарвиноз опани ҳали уйланмаган ўғлига сўраб келди, уйдагилар қизнинг норозилигига қарамай, уни фотиҳа қилишди.
Фотиҳадан икки кун ўтиб, бўлажак "куёв”ни илон чақиб вафот этибди, деган гап тарқалди. Орқаваротдан суриштириб билишса, унинг болалигидан тутқаноғи бор бўлиб, шу сабаб ўз қишлоқларида унинг тенги топилмаган экан.
Ойниса хола ортиқ бундай давом этолмаслигини билиб, кечқурун сут ичгани сўрига келган илонга ёлворибди:
"Аъзамжон, биламан, Сарвиноз билан бир-бирларингни жуда қаттиқ севардинглар. Лекин, тақдир экан, Аллоҳнинг иродасига қарши бориб бўлмайди. Илтимос, Сарвинозни тинч қўй, унинг ҳам оила қуришга, ширин-шакар фарзандларнинг онаси бўлишга ҳақи бор-ку!”
Шундан кейин ўша оқ илон қайтиб Сарвиноз опанинг ёнига келмай қўйган. Ҳозир Сарвиноз опа турмушга чиққан, катта қизи бу йил биринчи синфга боради.