2011 йил якунларига кўра, Американинг General Motors концерни дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи бўлди. General Motors ўтган йили ҳаммаси бўлиб 9,03 миллион дона автомобил сотган, бу аввалги йилгидан 7,6 фоизга кўпроқдир. Энг кўп машина сотганлар рўйхатининг иккинчи ўрнида немисларнинг Volkswagen автоконцерни. У ўтган йил давомида 8,16 миллион дона маҳсулотини сотишга муваффақ бўлган, бу эса 2010 йилдагидан 14 фоизга кўпроқ демакдир. 2008 йилда етакчиликни қўлга киритган Япониянинг Toyota концерни ўтган йили 7,9 миллион дона автомобил сотди, бу 2010 йилдагидан 6 фоизга камроқ. Toyota кўрсаткичларига 2010 йилда юз берган кучли ер силкиниши ва ҳалокатли цунами таъсир қилган. Унинг заводлари ва дилерлик марказларида ишлар бир муддат узилиб қолган. General Motors 2008 йилгача 77 йил мобайнида мазкур рўйхатнинг илк поғонасини банд қилиб келган. 2009 йилги дунё молиявий-иқтисодий инқирози туфайди у биринчиликни бой берди. Мутахассислар фикрича, General Motors етакчиликни қўлдан чиқармаслик учун сотувни кўпайтириши керак, чунки унинг рақиблари яқин келажакка оид йирик режалари борлигини маълум қилишди. Жумладан, Toyota жорий йилда 8,48 миллион дона, кейинги йили эса деярли 9 миллион дона автомобил сотишни режалаштирган. Volkswagen эса 2018 йилгача сотув ҳажмини йилига 10 миллион донагача етказмоқчи.