Қалай, тўйма-тўй, вилоятма-вилоят кезавериб чарчаб қолмадингизми? Бе-е, бир саёҳат қилсангиз қилибсиз-да! Дуо қилишади-ку, "Кўрганингиз тўй бўлсин, боққанингиз қўй бўлсин!” – деб. "Ашнақа қилиб” бугун тўй саёҳатини Андижонда, меҳмондўст анжанликлар хонадонида давом эттирамиз. Қани, ичкарига марҳамат! ҚАЛИН ПУЛИГА УМИД ҚИЛМАНГ! Ашнақа! Андижонда куёв томон қалин пули, сут пули деган ортиқча "кирим-чиқим”ларни қилиб ўтиришмайди. Асосий оғирлик қиз томонга тушади. Эҳ-ҳе-е харажатларни мен айтмай, сиз эшитманг! Ҳа, энди "душманлар аламдан куйиб ўлсин” дейишади-да! Андижонда совчиликка асосан йигитнинг аммаси ёки холаси бошчилигидаги аёллар боришади. Биринчи борганда қиз томоннинг "ноз”ини кўтариб, обдон меҳмон бўлиб, иккинчи борганда бирйўла ишни битириб келишади. Қиз томон рози бўлгач, "бўлди-бўлди” маросими бўлиб ўтади. Бу удум маҳаллий шевада "тугун очди” ҳам дейилади. Йигитнинг аммаси (баъзи туманларда тоғаси ёки амакиси) тоғора кўтариб қизнинг уйига ташриф буюради. Бунда икки томон фотиҳа куни ва тўй харажатларини ўзаро келишиб олишади. "ҚИЗ БЕРКИТДИ” Тўй куни. Қиз томондаги базми жамшидлар ниҳоялаб, келинни олиб кетиш учун қуда томон вакиллари карнай-сурнай садолари остида, бутун маҳаллага жар солиб ташриф буюрадилар. Таомил бўйича аввал куёв томондан келган меҳмонлар обдон сийланади. Тўкин дастурхон атрофида пича ҳамсуҳбат бўлинади, сўнг сарпо-суруқлар тақдим этилади. Бу пайтда эса келинпошша қўшни хонадонда "асирликда”! "Қиз беркитди” маросими Андижон халқининг қон-қонига сингиб кетган удумлардан. Меҳмондорчиликни "ўрнига қўйган” келин янгалар ва куёвнавкарлар энди яна карнай-сурнай ва ёр-ёрлар билан қўшни ҳовлига қараб йўл оладилар. Одат бўйича келинни талаб қилишади. Лекин теп-текинга берилмайди-да бу тенгсиз ҳурилиқо келинчак! "Асира хоним” беркитилган уй остонасига қийиқча тортилиб, урф-одат бўйича "савдолашадилар”. Келин янгалар унча-мунчага кўнмай таранг қиладилар (шунақа қилиниши керак-да!). Узоқ тортишувлардан сўнг келинпошша "сотиб олинади”. Ана энди паранжи ёпинтирилган келинчакни хайрлашиш учун ота уйига олиб чиқилади. Отасининг дуосини олиб, ёруғ юз билан ўзга хонадонга кетаётган келинчакни янгалару дугоналар ҳамроҳлигида машинага (Жалақудуқ, Пахтаобод туманларида эса кўпинча автобусга) ўтқазилади. Машина маҳалладан чиқмай туриб олдиларида "йўлтўсарлар” пайдо бўлади. Маҳалланинг йигитлари арқон тортиб, ўтишга имкон беришмайди. Улар хам "рози” қилинади. Сўнг улар машина ортидан тош отадилар. Илоё, борган хонадонингда тошдай қотгин, деган ирим билан... Энди бу ёғи куёв томондаги базмга уланиб кетади... ЯНГАГА "СОТКА”! Келинг, сиз билан куёвникига автобусда келган келинни тушириш манзарасини кузатамиз. Келинянга деганлари уддабурогина бўлиши ва келинни куёвга осонликча бериб қўймай, "олди-берди”ни маромига етказиши керак экан. Куёв бўлмиш автобус ойнаси тагига келиб, янгага дандон сопли пичоқ, соат бериши керак. Бироқ ҳозирда кўп ҳолларда буни ўрнига янгага "сотка” бериш русум бўлибди. Замона зайли-да! Бу билан ҳам келинни олиб бўпти! Куёв ўша ернинг ўзида янга бўлмишга эллик минг сўмча пулни қуртдай санаб бериши керак бўлади. Ана энди қизиқ жойи: куёв келинни шарт кўтариб, чимилдиқли уйга олиб кириб кетиши лозим бўлади. Айрим туманларида эса ҳовлига тўрт боғ гўзапоя тик қилиб гулхан ёқилади, келинни кўтариб олган куёв гулханни тўрт марта айланиб чиқиши керак (бақувватроқ бўлса майлику-я, қийин-қийин нозикроқ йигитларга қийин экан-да). Чимилдиқли уйга келинни олиб киргач, куёв ташқарига чиқиб кетади. Келин эса кечки базмга тайёргарликни бошлаб юборади. ТЎЙ ЎТДИ, НАВБАТ ТОҒОРАБАЗМГА! Анжанликларнинг кечки тўй базми одатдаги тўйлардан фарқ қилмай, тўкин дастурхону куй-қўшиқлар ҳамроҳлигида бўлиб ўтади. Тўй ўтгач эса келин томон қирқ кунгача (бугун бу кунлар қисқартирилиб, икки ҳафта бўлибди) куёвникига уч маҳал тоғора юбориб туриши лозим бўлади. Уларда асосан сергўшт таомлар, мазали пишириқлар тўлдирилган бўлиши лозим. Маза-маза, куёвболага маза экан-да! Бекорга айтишмайди-да, келин олсанг, Андижондан ол, деб. АЙТМОҚЧИ… Андижонда шундай удум бор: агар қиз куёвдан бир ёш катта бўлса, куёв томон қиз сепига битта қозон, икки ёш катта бўлса, иккита қозон қўшиб бериши керак экан. Ашнақа гаплар!
Расскажи друзьям:
|