1993 йил июл. Вужудимни элаллаб олган ҳарорат шу қадар кучли эдики, атрофимда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тушимда кўряпманми, ўнгимдами – буни кўпинча фарқлай олмасдим. Баъзан тушимда эртакларда тасвирланганидек қўрқинчли эмас, тана терилари силлиқ, бўйлари ўртачадан ҳам пастроқ уч кишини кўрардим. Учаласи ҳам либоссиз, менга фақат уларнинг белларидан юқори қисмларигина аниқ кўринарди. Биттасининг кўкрак ва елкаларидаги мушаклари бўртиб чиққан, ҳатто унинг анча узун думи ҳам бор эди. Бир-бирларига бўлган муносабатидан бу думли одам икки жўрасига бошлиқ эканини пайқардим. Бошлиқнинг думи борлиги, учаласининг ҳам кичик жуссали эканлигини ҳисобга олмаганда, улар оддий одамдан фарқ қилмас эдилар. Менинг каравотим кенг ҳовлининг бир чеккасидаги тарвақайлаб кетган бақатерак соясига жойлаштирилганди. Бироқ тушимда ҳовлининг кунюрар томонида оқ, қизил, пушти рангларда очиладиган атиргуллардан иборат мўъжазгина гулзор пайдо бўларди. Кунларнинг бирида уч оғайни жинлар мен ётган каравотни даст кўтаришиб, ана шу гулзорнинг қоқ ўртасига олиб бориб қўйишди. Гуллар шабадада оҳиста тебранарди. Мен бундан заррача завқланмасдим, аксинча, қалбим қандайдир менга бегона бўлган ҳис-туйғулар таъсирида безовталанарди... Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, уч оғайни жинлар яна тушимда пайдо бўлиб, гулзорнинг чап биқинига йирик ойнали кўркам ромларни осонлик билан ёнма-ён қўйиб, бино қуришга киришдилар. Бошлиқнинг қўлида ихчамгина болғача, у тепада юрганча ромларнинг тепа қисмини эпчиллик билан бир-бирига жипслаб бирлаштирарди. Жуда қисқа лаҳзаларда ҳайбатли кошона қад ростлади. Ромнинг ички томонида турли рангдаги товланувчи пардалар нозик дид билан осиб қўйилди. Мен каравотда ётган жойимда уларнинг ишларини диққат билан кузатардим, энди ром-ойналарининг бор-йўқлиги билинмас, ўйноқи шабада пардаларни енгил ҳилпиратар, мен эса бу манзарага термилиб, ўзимни омонатдай ҳис қилардим. Бу кўрган тушларимни таъбирлашга ҳолим келмас, аммо уларни анча вақтгача эсимдан чиқара олмай юрардим. Ҳамон танамни кучли иситма тарк этмасди. Шундай кунларнинг бирида танишларимдан бири беморларни дуо билан даволайдиган табаррук момога учрашишимни маслаҳат берди. Момо мени илиқ кутиб олди. – Кел, чироғим, келавер. Ҳозир дуо ўқиб қўяман, тузалиб кетасан, – деди очиқ чеҳра билан. Дуони ўқиб, дам солиб бўлгач деди: – Учинибсан, жигарим, икки соатда отдай бўлиб кетасан. Унинг олдидан чиқиб уйга бордиму ўзимни каравотга ташладим. Кўзим илинган бўлса керак, уч оғайни жинлар қаршимга келиб тўхташди. Бошлиқ қўлидаги бир ярим-икки метр узунликдаги арқоннинг бир учидан ушлаб, уни теп-текис ҳовлига тегизиб-тегизмай қаттиқ силкитди: иккита қисқароқ, узунлиги тахминан икки газ келадиган йўл қирғоғидаги тўсиқларга ўхшаш иккита бетон бўлакчалари пайдо бўлди. У арқонни ҳар силкитганида, узун-қисқа бетон бўлакчалар бир-бирига мос келиб, йирик тўртбурчак шакл ҳосил бўлишини истарди. Бу шакл эса қабрни ифодаларди. Агар бошлиқ ўз ишини хоҳлаганидек уддаласа, вафот этишим мумкинлигини аниқ ҳис қилардим. Бахтимга у кутган шакл пайдо бўлмади. Тарвузи қўлтиғидан тушган бошлиқ думини ликиллатиб, гулзор оралаб кета бошлади, шериклари унга эргашишди. Қуюқ бир завқ билан уйғондим. Яқин атроф, кўм-кўк осмон дилимни яйратар, ўйнаб эсган шабада эса ҳаводан симириб тўйиб нафас олишимга кўмаклашарди. Бундан ҳам қувончли нарса шу эдики, ўспиринлик чоғимда пайдо бўлган юқори қон босими ҳам, бошқа касалликлар ҳам мени тарк этганди!