Бир нодон одам Ҳотам Тойга кўп жабру жафо етказди. Оғзига келган ярамас сўзларни айтишдан тоймади. Ақлли кишининг нодон билан айтишиб туриши дуруст бўлмагани сабабли Ҳотам ҳам у билан олишмасдан, сукут этиб турдилар. У киши чарчаб, сўздан тўхтагандан кейин Ҳотам айтдилар: – Яна айтадиган ҳақоратли сўзларинг борми? Ёлғизлигимда менинг ёнимда айтиб битир. "Ақлсиз, нодон одам одобсизлик қилса, у билан олишмай, адабсизлигини кечиришдан ўзга чора йўқдир”, – деганлар. Шунга кўра, мен ҳамма ҳақоратли сўзларингга жавоб қайтармай, сукут қилдим. Сени афв этдим. Менинг одамларим орасида сенга ўхшаш паст табиатли, ақлсиз, нодон одамлар бор. Улар ёнида ҳақорат қилсанг, сени ҳам ўзлари каби нодон эканингни билмай, ҳужум қилиб, ман этишимга қарамасдан сенга озор етказадилар. Шунинг учун ҳамма ҳақоратли сўзларингни ўзимга айтиб битира қол. * * * Торгина бир кўприкдан бир эчки ўтаётган экан. Унинг рўпарасида бошқа бир эчки пайдо бўлди. Бир-бирига яқинлашгач, бири иккинчисига "Йўлимдан қоч!”, – деди. Иккинчиси ғазабланиб деди: – Сен кимсанки, менга буюрасан? Бор-йўғи бир эчкисан, арслон бўлганингда ҳам сенга йўл бермасдим. Улар талашиб-тортишдилар, сўнг бир-бирларига калла урдилар-да, кўприкдан қулаб, оқиб кетдилар. Бу дуёда шу ўжар эчкилар каби қайсар одамлар борки, улар ўзларини ўзлари ҳалокат сари бошлаб, айбни бошқалардан қидирадилар. Қамоқхоналар, айниқса, болалар ва ўсмирлар қамоқхонасидагилар тақдири билан танишсак, жиноят кўчасига кириб қолганларига айнан ўжарликлари сабаб бўлганини кўрамиз.