Бугун минглаб сайтлар АҚШнинг интернет қароқчиликни тўхтатишга қаратилган қонун лойиҳаси – SOPA (Stop Online Piracy Act)га қарши норозилик сифатида ўз фаолиятини бир кунга тўхтатди. Норозиликнинг энг аввалида Wikipedia онлайн энциклопедияси бор. Жумладан, бугун Wikipediaнинг инглиз тилидаги сектори ишламади. Бу ҳақда кеча энциклопедия асосчиси Жимми Уэльс хабар берган эди. Wikipediaни очишингиздан бир неча сония ўтиб қуйидаги ёзув чиқади: «Эркин ахборот тарқатиш бўлмаса, дунё қандай бўлишини тасаввур қилиб кўринг». «Биз инсоният тарихидаги энг йирик энциклопедияни яратиш учун 10 йилдан ортиқ вақт сарфладик. Агар SOPA қабул қилинса, барча ҳаракатларимиз ҳабада бўлади. Сўз эркинлиги хавф остида», – дейди Wikipedia асосчилари. Wikipediaдан ташқари яна 7000 дан ортиқ сайт ҳам SOPAга қарши норозилик билдирди. Уларнинг айримлари норозилигини билдирувчи баннер ўрнатган бўлса, аксарияти бир кун фаолият кўрсатмасликка қарор қилган. Норозилик билдирганлар қонун лойиҳасининг мукаммал эмаслигидан ташвишда. Уларнинг фикрича, агар SOPA кучга кирадиган бўлса, интернетда қароқчиликка қарши кураш шиори остида жуда кўплаб сайтлар зарар кўриши, эркин ахборот алмашишга тўсиқ қўйилиши мумкин.