Футбол юлдузи Зайниддин Зидан франциялик ҳажвчи Кристоф Алевекни судга берди. Ҳажвчи телекўрсатувлардан бирида Зиданнинг реклама соҳасидаги фаолиятини ҳақоратомуз оҳангда қаттиқ танқид қилган. Энди собиқ футболчи ундан 75 минг евро маънавий зарар ундирмоқчи. Маълумки, Зайниддин Зидан 2006 йилги жаҳон чемпионатидан кейин футболдаги фаолиятига якун ясаган эди. Шундан кейин у ўзига хос спорт «элчиси» сифатида бир қанча реклама роликларида (ҳам тарғибот мақсаддагиси, ҳам тижорий лойиҳаларда) суратга тушган. Алевек Зиданнинг тез-тез рекламаларда кўринишига кескин фикр билдирган, унинг энг юмшоқ танқиди собиқ футболчини «мияси йўқ реклама плакати» деб аташ бўлган. Суд ҳукми март ойида эълон қилинади.