Қирғизистонда парламент комиссияси мамлакатнинг Россияда ишлайдиган дипломатларини бир қанча қонунбузарликларда айбламоқда. Жумладан, Москвадаги элчихона ходимларига автомобиль рақамларидан мақадга мувофиқ фойдаланмаганлик, тадбиркорларнинг жиноий гуруҳлар томонидан тазйиқлар бўлаётгани ҳақидаги мурожаатларини эътиборсиз қолдирганлик ва бюджет маблағларини талон-тарож қилганлик айблари қўйилмоқда. Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси фуқароларнинг кўплаб шикоятларидан кейин текширилган. Парламент комиссиясининг таъкидлашича, элчихона меҳнат мигрантлари билан керакли даражада иш олиб бормаган. Бундан ташқари, элчихона биносининг бир қисми жисмоний шахсларга ижарага берилган, лекин ижара учун тўланган пуллар қаерга кетгани номаълум. Шунингдек, комиссия элчихонани таъмирлаш учун ажратилган 15 миллион рубль талон-тарож қилинганини билдирди. Комиссия хулосалари парламентда муҳокама қилиниши кутилмоқда.