Айни кунларда дунёнинг бир қатор ҳудудларида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши кузатилмоқда. Жумладан, Япониянинг 38 та аҳоли пунктида рекорд даражадаги қуйи ҳарорат қайд этилди. Миллий метеорология бошқармаси маълумотига кўра, жанубий Кюсю оролидан тортиб шимолий Хонсю оролигача қалин қор ёққан. Хонсюдаги Нагано префектурасида энг қуйи ҳарорат, яъни -26 даража қайд этилди. Сўнгги бир неча кундан бери кунчиқар мамлакатда тинмай қор ёғяпти, баъзи жойларда қорнинг қалинлиги 4,3 метрга етган. Шу сабабли йўлларда ҳаракатланиш қийинлашган, транспорт тўқнашувлари сони ортган. Совуқ ҳаво туфайли Японияда 50 киши бевақт вафот этди. Айрим жойларда йўлларни қордан тозалашга нафақат коммунал хизматлар ходимлари, балки армия бўлинмалари ҳам жалб этилган. Agence France-Presse тарқатган хабарда айтилишича, совуқ ҳаво Европада 163 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Шарқий Европадаги айрим қишлоқлар электр энергиясидан тамомила узилиб қолган, транспорт қатновлари издан чиққан. Айниқса, Польша, Руминия, Болгария, Украина, Босния ва Герцеговинада ҳаво жуда совуқ.