1994 йилнинг апрелида ҳамкасбим Муҳаммадкарим ака билан Мингбулоқ туманидан Наманган вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказига келиб, шинам жиҳозланган хоналардан бирига жойлашдик. Эртанги машғулотларгача дам олиш учун диванга чўзилдим. Кўзим илинди, шекилли, ғаройиб воқеалар гирдобига тушиб қолганимни ҳис қила бошладим: анча кенг, биров бор-йўқлигини тусмоллаб билиб олса бўладиган қоронғиликдаги хона. Диққатим хонанинг жануб томонидаги оқ деворга ўрнатилган энли қора ёзув тахтасига қаратилган. Бирдан кишида безовталик пайдо қилиб, уни толиқтирувчи "тақ-тақ” деган овоз узлуксиз қулоғимга чалина бошлади. Тахтага янги алифбодаги "I” ҳарфи ёзиларди. Уни ким ёзаётганлигини кўриш имкони йўқ эди. Чунки оқ кўйлак, қора костюм кийган кимсанинг қора бўр ушлаган қўлининг панжаларидан билагигача бўлган қисмигина кўзга ташланарди. Тонгга қадар шу ҳарфнинг ёзилиши, у таркибида келган сўзларга доир ёзувлар билан қора тахта бир неча марта тўлдирилди. Аммо тахта ҳам, бўр ҳам қора бўлганлиги учун ёзув жуда хира кўринарди. Ҳар бир ҳарф ёзувда қайд этилганида, бўрнинг тахтага тегиб чиқараётган "тақ” деган овози миямга ёқимсиз зарба бериб урилгандай таассурот қолдирарди. Хуллас, эрталаб қаттиқ оғриқдан бошим ғувиллар, қўлларимда кучли толиқиш, руҳимда эса кишини беҳол қилувчи ҳорғинлик ҳукмрон эди. Ўн кун мобайнида ҳар кеча ана шундай "ажойиб” машғулотнинг яккаю ягона тингловчиси бўлишга мажбур бўлдим. Бу ҳол мени соғлиғимдан айирди, вужудимдан оромимни олди. Қишлоққа етиб келибоқ жинни боғлайдиган табаррук момонинг уйига йўл олдим. – Бекорга овора бўлибсан, чироғим! Мен сени даволай олмайман. Кучим етмайди, Абдужабборга бор, биласан, у яқинда фотиҳа олган, – деди момо қатъий оҳангда. – Эй момо, аввал ҳам оғир дардга чалинганимда сиз халос қилгансиз. Дуо ўқиб қўймасангиз ҳеч қаерга кетмайман, – дедим қайсарлигим тутиб. Момо илтимосим малол келса ҳам, дуо ўқиб, дам солди-да: – Ҳалиям бўлса Абдужабборга бор, – деди куйиниб. Орадан уч кун ўтди. Абдужаббор ака қабулига боришга мажбур эдим. – Менинг қаршимга ўтир, – деди янги дуохон паст овозда. Дардимни айта бошлагандим, қўл ишораси билан тўхтатиб деди: – Кейин айтасан, аввал мен айтаман. Ҳмм... Бошинг сиқиб оғрияптими? Иситманг ҳам бор экан. Кўзинг тинаркан. Ўзингни биров уриб, мажақлаб ташлагандай ҳис қиляпсан, тўғрими? – Тўғри, – дедим унинг билағонлигидан ҳайратим ошиб. Мен жуда бесабр, сиркаси сув кўтармас батоқат одамга айланиб борардим. – Гапни чўзмай қанча вақтда тузалишимни айтинг! – дедим гапим оғир ботмаслиги учун мажбур илжайиб. – Икки кунда бир, бугундан ташқари тўрт марта келасан, – деди бир оз шартакилигимни ёқтирмай. Орадан олти кун ўтди. Яна туш кўряпман: хона ичи ғира-шира қоронғи. Хонада қандайдир одамлар борлигини ҳис қиляпман. Улардан бири ўртадаги хонтахтага катак датарнинг бир варағини қўйди-да, унинг чап томонидаги юқори учини ўнг томондаги пастки учига, ўнг томондаги пастки учини чап томондаги юқори учига қаратиб буклади. Варақнинг учлари дунёнинг тўрт томонига қараб чўзилиб, унинг энг чеккасига етиб бораётганмиш. Бир оз ўтгач хонадаги уч нафар қоп-қора одамнинг бўйинларидан тепасини, яъни юзи ва бошларини аниқ кўрдим. Улар бирданига талвасага тушишди-да: – Дунёни остин-устун қиламиз! Уни ағдар-тўнтар қилиб юборамиз! – деб уч-тўрт марта дағдаға қилиб бақиришди... Мен дуохон хузурига борганимда, кўрган тушимни айтдим. – Жинлар ўзларини қўярга жой тополмай қолишди. Икки кунда ҳаммасини боғлаб ташлайман, соғайиб кетасан, – деди жиддий оҳангда Абдужаббор ака. Дарҳақиқат, икки-уч кундан кейин дард танамни бутунлай тарк этиб, кўнглим равшан тортди.