«Ҳурматли муфтий ҳазратлари, менинг саволим шундан иборатки, Пайғайбаримиз (с.а.в)дан «Инсонга умри давомида 99 та ўлим берилади, шулардан ўтса 100 ўлимдир» деган мазмунда ҳадис ривоят қилинади. Илтимос, ушбу ҳадисдаги 99 та сабаб ҳақида тушунтириш бериб ўтсангиз. Чунки (аниқ қайси сурадалиги ёдимда йўқ) «инсон ўлими қайтарилмайди» мазмунидаги оятга қиёсласак, қандай тушуниш керак?»
– «Минг бир ҳадис» китобида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (а.с.) «Инсон фарзанди яратилганда ёнида 99 та ўлим сабаблари ҳам бирга яратилади. Агар у шу ўлимлардан халос топиб яшасагина унга қарилик насиб этади», дейилади. Бироқ бу ҳадиснинг мазмуни «Наҳл» сурасининг 61-оятидаги «Уларга белгиланган ажал етиб келгач, бир озгина вақт миқдорида кечиктирилмайдилар ҳам, илгари қилинмайдилар ҳам», дейилган мазмунга тескаридир. Шунинг учун бу ҳадис ёки заиф, ёки мавзу бўлса керак.